Get Mystery Box with random crypto!

ЎҒРИ. (Воқеа реал ҳаётдан олинган) Куз. Олтинқўрғон кўчаларид | Аёл оламни тебратар

ЎҒРИ. (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Куз. Олтинқўрғон кўчаларида бошқаерларда бўлгани каби деярли одам зоти кўринмайди. Фақат кекса кампирлар ҳар-ҳар бурчакда тўпланиб олишиб, алланималарнидир ўзларича куйиб-пишиб маслаҳат қилишади, кимларнидир ора-сирада қарғаб ҳам қўйишади.
Мурод ака ариқ бўйидаги қўшни кампирларга салом берган бўлдида, уйи томон юрди. Мактабда ўқитувчилик қилиш ҳам қийин. Айниқса, пахта пайтида эзиб юборади одамни. Даланинг у бошидан бу бошига бориб келавериб, бебош ўқувчиларга қичқиравериб толиқасан.
Ҳая, хотини: Мен пахтадан келгунча гўшт опкелиб қўйинг, деб тайинлаганди.
— Уфф, шу аҳволда қассобга чопарканманда! ўзича тўнғиллаб ичкарига кирди у. Кошкийди бу қассоб ярамаслар вақтида очса дўконини…
Мурод ака қўлидаги жилдини секин токчага қўйдида, хотини айтган пулни олиш учун нариги токчага териб қўйилган чойнаклардан бирининг қопқоғини очди.
— Ие, шу чойнакда дегандику!... Ҳеч эси жойида турмас эканда бу хотиннинг!
Жаҳли чиқиб, қолган чойнакларни ҳам очиб чиқди. Биронтасида пул йўқ…
Қизиқ… Қаерда экан?...
Энди навбат кўрпалар қатига етди. Чунки хотин киши пул қўйса, фақат кўрпа қатига ё чойнакка яширади…
Афсуски, кўрпаларни бир-бир титкилаб чиққан бўлсада, пулни топа олмади.
— Ў Аҳмад ўғлим қурғур билмай олганмикан? Мурод аканинг миясига бирдан шу хаёл келди. Ўзи бу ярамас кейинги кунларда ўзгариб қолганди. Тез-тез кечалари йўқолиб қоладимией, ярим кечаси кириб келадимией!.. Қаерда юрганини бировга айтмайди… Ҳаа, ўша олган. Ўшандан бошқа ҳеч ким бу уйга кирмайди…
Мурод ака ҳар эҳтимолга қарши Аҳмаднинг хонасига кирди. Анчадан бери қадам қўймаган экан. Дераза ёнидаги стол устида яп-янги магнитофон пайдо бўлибди. Ие, буни қайси пулга олди у ярамас?...
Ҳаво сал айниб турганди. Бирдан шамол туриб дераза шарақлаб очилди. Мурод ака шоша-пиша бориб деразани ёпдию, жонҳолатда кўчага чопди.
— Ҳали шошмай турсин, бу боланинг адабини бераман!... Мендан яширгани учун онасиям улушини олади…
У хаёл билан бўлиб маҳалла гузарига қандайетиб келганини пайқамай қолибди. Пахта мавсуми бўлгани билан гузар тўла одам. Чойхоначи Мўмин чўлоқнинг қўли қўлига тегмайди. Лекин ўйлаганидек, қассобхона берк.
— Оббо, бошидаги дўппини олиб тиззасига урди Мурод ака, Энди нима қиламан?... На гўшт бор, на пул бор. Очиқ бўлсаку, занғардан қарзга бўлсаям олиб кетаверардим…
— Ҳой, Муродвой! қичқирган одам Мўмин чўлоқ эди. Мурод ака зарда билан чойхона тарафга ўгирилди.
— Нима дейсиз?
— Э, буёққа келмайсизми! Чойнинг зўридан дамлаб бераман. Ҳақиқий хитойликларники. Келинг, бир пиёла чой ичиб дам олинг!..
— Э, чойинг бошингда қолсин, чўлоқ! дея Мурод ака ғудрана-ғудрана сўрилардан бирига бориб ўтирди.
— Мана бу бошқа гап! Мўмин чўлоқ елкасидаги сочиққа қўлини арта-арта, унинг рўпарасига чўкди.
— Хафа бўлмангу, аммо бир гапни сизга айтиб қўймасам бўлмайди, дея сўз бошлади у бир чойнак чойни Мурод аканинг олдига қўйгач.
— Нимани айтасиз?
— Анави… Ўғлингиз Аҳмад тўғрисида.
Мурод ака беихтиёр ҳушёр тортди.
— Аҳмадга нима қипти?
— У мабодо тижорат-пижорат қилмаяптими?
— Йўқ, нимайди?
— Кеча денг, Қўқонга боргандим. Бир маҳал қарасам, автобус бекатида бир бола қўлида бир даста пул ушлаганча автобусга чиқяпти. Қарадим. Автобус ўзимизники. Менам орқасидан чиқдим. Ҳалиги болани топиб мундай разм солдим. Вей, Аҳмад экан. Мени кўрдию, шартта тескари ўгирилиб олди. Ҳаа, дедим ўзимча. Бу болада бир гап бор… Менга қаранг, ҳар қалай, ўқитувчининг боласи. Тағин ўғри-пўғриларга қўшилиб…
Бу гапларни эшитгунча, Мурод аканинг тер чиқмаган жойи қолмаганди. Ҳалиги пул воқеаси бир бўлди-ю, буниси бир бўлди…
Чойни ҳам унутиб даст ўрнидан турди. Мўмин чўлоқ ҳай-ҳайлаганча қолаверди…

Давоми бор...