Get Mystery Box with random crypto!

Мурод ака зарда билан дарвозани тақиллата бошлади. Орадан бир- | Аёл оламни тебратар

Мурод ака зарда билан дарвозани тақиллата бошлади. Орадан бир-икки дақиқа ўтиб, ўрта ёшлардаги, кенг елкали бир эркак дарвозани очди.
— Келинглар, хуш кепсизлар!. дея Мурод акага қўл чўзди у. Хизмат?
— Ўғлим Аҳмаджонни шуерда дейишганди, деди Мурод ака ясама тавозе билан.
— Ие, сиз ҳали Аҳмаджоннинг отасимисиз? эркак кутилмаганда Мурод аканинг қўлидан олиб бошқатдан сўраша кетди. Қаранга, илгари кўришмаган эканмизда!. Қани, ичкарига!.
— Йўқ, Аҳмаднинг ўзини чақириб бера қолинг! Шошиб турибмиз.
— Ие, ака, шошиб қаерга борасизлар? Ўғлингиз ичкарида. Ҳозир тандирни пешлаб бўлишсин, бет-қўлини ювиб…
— Нимани пешлашсин?
Тандирни?.
— Ҳа, тандирни…
Уй эгаси аввал ҳайрон бўлиб, Мурод аканинг кўзларига боқди. Кейин нимадир эсига тушгандек кулиб юборди.
— Тўғри, сиз билмайсиз. Аҳмаджон дадамга айтманг деб илтимос қилганди.
— Нимани илтимос қилганди? ҳамон ҳеч нарсага тушунмай эркакни саволга тутди Мурод ака.
— Менга шогирд тушганини. Тандирчиман. Бир-иккита болаларга қўшилиб кеп қолди. Синаб кўрсам, жуда пухтага ўхшади. Шогирдликка олиб қўя қолгандим…
— Шогирд? Қанақа шогирд?. Мендан бемаслаҳата?.
— Ахир, бола илтимос қилгандан кейин қандай йўқ дейман, ака?.
— Унда Қўқонда пул кўтариб юргани-чи?. Бунга нима дейсиз?
— Э, ака, майда-чуйдага мен ўзим жўнатгандим. Болада, ололмай қайтиб кепти…
— Хўп, бунисиям майли. Лекин… Пахтадан қочиб сизникига келиши…
— Ака, хавотир олманг, ўзим ҳам уришдим. Ҳеч қачон бундай қилмасликка сўз берди…
— Майликуя, уй эгасига шубҳа билан тикилиб давом этди Мурод ака. Аммо сиз кап-катта одамсиз. Боланинг гапи билан бизга бир оғиз айтмаганингиз ғалати бўптида!.
— Менга қаранг, ака, деди бироз жаҳли чиқиб уй эгаси, Мен ҳунармандман. Айтмаган бўлсам, демак, ҳаммаси яхшиликка. Болангизни эзиб ишлатаётганим йўқ, ҳунар ўрганяпти. Қўлидан иш кеп қолса, ҳиммат қилсангиз битта тўн кийдирарсизда! Шунгаям ота гўри қозихонами?.
Шу гаплардан сўнг Мурод ака сал ўзига келгандек, кўзлари очилгандек бўлди. Тандирчи тўғри айтяпти. Бу жуда катта гап. Кўчада ёмон болаларга қўшилиб кўча чангитгандан шу яхшику!.
Бу орада Аҳмад чиқиб келди.
— Ўғлим, қучоғини очди Мурод ака. Нега менга шу пайтгача тандирчиликни ўрганяпман деб бир оғиз айтмадинг? Айтсанг, устозингни ўзим рози қилардимку!. Нега айтмадинга?.
Аҳмад дадасининг қучоғидан чиқдида, сал нарида турган Шоғуломга маъноли кўз қисиб қўйди.
— Сизга сюрприз қилмоқчийдим, дада!..
— Ҳе сюрпризингам бор бўлсин!. Жоним халқумимга келдику!. Қани, уста, ана энди уйингизга кириб бир ўтирамиз… Сизга айтадиган гапларим бор. Қани бошланг!.
— Марҳамат, марҳамат!. Жоним билан!. Қани, ичкарига марҳамат қилсинлар!.
Мурод ака устани рози қилиб бўлгач, ўғлини ёнига олиб уйга қайтди. Остонада уларни Раҳбарой кутиб турган экан.
— Вой, дадаси, пул топилди! кулди у ота-бола ҳовлига қадам қўйиши ҳамоно.
— Ие, қаерда экан?
— Ўлсин!. Шолчанинг тагига яшириб қўйгандим. Кейин эсимга тушиб қолди…
— Қарая, Мурод ака ҳам хотинининг кулгисига жўр бўлди. Сўнг бирдан ўғлига ўгирилди.
— Аҳмаджон, хонангда янги магнитофон кўргандай бўлдим. Қачон олдинг?
Аҳмад кулимсираб бош эгди.
— У меникимас, дада! Ўртоғимники. Эшитиб туришга олгандим…
Мурод ака чуқур оҳ тортиб секин ичкарига кириб кетди… Лекин шу кеча сира уйқуси келмади. Юраги ҳаприқиб-ҳаприқиб, ўрнидан туриб кетаверди.
Бу ҳаётдан мамнунликнинг, шукроналикнинг яна бир белгиси эди.

Тамом...