Get Mystery Box with random crypto!

Расмий муносабат: Яйлов ер майдонлари билан боғлиқ низолар бар | Surxondaryo viloyati hokimligi

Расмий муносабат: Яйлов ер майдонлари билан боғлиқ низолар барҳам топди

EFFECT.UZ сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда Сурхондарёда чорвадорлар ва кластерлар ўртасида яйлов майдонлари сабабли тортишувлар юзага келгани акс этган видеоматериаллар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 4-бандига асосан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган яйловларда 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида қоракўлчиликни ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари тасдиқланган.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликларнинг тегишли қарорларига асосан, вилоят бўйича жами 737 минг гектар яйлов ер майдони Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси балансига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратиб берилган.

Ушбу ажратилган ер майдонларида 2023 йил давомида 104 минг бош қоракўл наслли қўйлар, 250 минг тонна жун маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 10 минг дона қоракўл тери ишлаб чиқариш, 4 минг дона қоракўлдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 434 минг АҚШ доллари миқдорида қоракўл териларини экспорт қилиш белгиланган.

Фармон билан белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қоракўлчилик кластерлари ва ҳокимликлар томонидан ўтган йиллар давомида чорвачилик фермер хўжаликлари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, фойдаланиб келинаётган яйловларда чорва молларини боқиш учун ташкил этилган қоракўлчилик кластерлари билан иккиламчи шартнома тузиш юзасидан тушунтириш-тарғибот тадбирлари амалга оширилган.

Кейинги кунларда чорвадорлар ва қоракўлчилик кластерлари ўртасида юзага келган ҳолатлар ва соҳадаги мавжуд муаммоларни томонлар иштирокида кўриб чиқиш ва бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 9 апрель куни Узун тумани ҳокимлиги биносида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида масъул бошқарма бошлиқлари, тегишли мутасадди ташкилотлар ва қоракўлчилик кластерлари раҳбарлари ҳамда муаммоси мавжуд бўлган вилоятдаги фермер хўжаликлари билан сайёр учрашув ўтказилди.

Учрашувда томонлар билан очиқ мулоқот қилиниб, мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Режага кўра, вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган иккита Ишчи гуруҳ мавжуд муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганди. Ўрганиш хулосаларига асосан, икки томоннинг розилиги билан низоларга барҳам берилиб, тегишли тартибда яйлов ер майдонлари ажратиб берилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Каналга уланиш:
t.me/axborot_xizmati
Telegram | Facebook | Instagram | YouTube | Web-site