Get Mystery Box with random crypto!

******* Кўзларим қизарган, қабоғим шишган, Уйқумас, оқшомги ш | narbekov_official

*******

Кўзларим қизарган, қабоғим шишган,
Уйқумас, оқшомги шаробнинг касри.
Тамоғим бўғилган, бошларим гаранг,
Тишим сарғайтирган тамаки заҳри.

Таъна қилма асло, бўлмагин дилгир,
Тўғри, авваллари ундай эмасдим.
Ҳаммаси ўзгарди, жумладан мен ҳам,
Бошқа ёққа кетди ҳаёт кемаси.

Ўзим бошқармадим кемани, ахир
Бунда мен оддий бир матросман холос.
Қара, капитанга ўхшамайман-ку
Алчанглаб юраман матросларга хос.

Авайлаб юрибман омонат жоним,
Қайга ҳам борардим тўрт тараф денгиз.
Ўйлама, менга ҳам ўзи бўлмади
Шунча йил узоқда яшашнинг сенсиз.

Ўзи сен қолувдинг қилмаган таъна,
Тишни тишга қўйиб, қиляпман тоқат.
Шартта кўпирардим, лекин онамга
Қайтишга сўз бериб қўйганман фақат.

Чайқаламан денгиз тўлқинларида,
Оч наҳанглар бир-бир кўз қирин ташлар.
Ҳаммаси сабрсиз, кўзга қон тўлган,
Ҳаммаси бир менинг қонимга ташна.

Кўргани кўзим йўқ шу наҳангларни,
Кўнглим увушади, тораяр миям.
Майни сипқораман, тортаман тутун,
Қўй, энди кўп кўрма менга шуниям.

Маломат қилмагин, жарангин қара,
Майнинг шишасидан чиқди бу овоз.
Қирғоқ яқин қолди, вақт ўтказиш чун
Бор йўғи бир шиша ичаман холос.

Аслиддин НОРБЕК
29.09.2021
@asliddin_norbek_official