Get Mystery Box with random crypto!

Номардларга мардлигим бор. Йўлларимга қўйса тузоқ йиқитмоқчу | 👍👍A'LO KAYFIYAT SOHIBASI 05 07✨

Номардларга мардлигим бор.

Йўлларимга қўйса тузоқ йиқитмоқчун
Лафзини ҳам унутсалар дунё учун
Йиғламайман қўлдан кетган амал учун
Аёлман лек, номардларга мардлигим бор.

Мансаб қолган ҳатто буюк подшолардан.
Ёру дўсту, қадрдону ошнолардан
Кечиб кетай сиздан келар рўшнолардан
Аёлман лек, номардларга мардлигим бор.

Бош эгмайман сиздай номард, нокасларга,
Ғуруримни алмашмайман ҳар касларга
Тўкилмайман енгил-елпи бесасларга
Аёлман лек, номардларга мардлигим бор.

Ўйламангиз индамайди, сақов дея
Англамайди бир бетайин анқов дея
Андишани отин қўйманг қўрқоқ дея
Аёлман лек, номардларга мардлигим бор.

Ҳаёт ўзи ўқитгандир мактабида
Ҳар не бўлса қолсин инсон матлабида,
Чоҳ қазиган турар мудом жар лабида
Аёлман лек, номардларга мардлигим бор.

Олинг мендан жоним керак бўлса агар,
Бўғзимгача келди бугун маъшум ажал,
Пешонамга битилгандир тақдир азал...
Аёлман лек,номардларга мардлигим бор.

Тинч қўйингиз ортимдан тош отманг сира,
Ғийбат қилиб гуноҳларга ботманг сира,
Мен шундайин шеъриятга бир асира,
Аёлман лек,номардларга мардлигим бор.

Кўнглим қолди энди ёлғон дунёсидан,
Юрагимни парчалаган риёсидан,
Нур таралсин иймонимнинг зиёсидан,
Аёлман лек, номардларга мардлигим бор.

Юлдуз Абдусамад қизи.
Бир чимдим меҳр.