2021-12-20 07:00:26
Сарҳисоб
Арабик.узнинг фейсбукдаги саҳифаси фаолиятига 9 йил тўлди
Алҳамдулиллаҳи роббил аламийн, вассолату вассаламу ъала расулиллаҳ. Амма баъд.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, arabicuz канали фойдаланувчилари, руҳиятига таскин излаган, ҳикматларга кўнгил қўйган дўстлар, юртдошлар!
Маълумки, arabic.uz сайти 2003 йилда фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонларидан асос солинган islom.uz портали таркибига кирувчи сайтлардан биридир.
Каналнинг фейсбукдаги www.facebook.com/groups/arabic.uz/ саҳифаси
19 декабр, 2012 йилда илк фаолиятини йўлга қўйиб шу кунга қадар узлуксиз равишда ҳикматлар тақдим этиб келяпти. Бугун ушбу кунга 9 йил тўлибди. Албатта бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, Ўзи хоҳлаган бандаларига муяссар қилади.
9 йилдан бери ушбу саҳифага жойланган
ҳикматлар адади 10.000 га яқинлашиб қолибди, Аллоҳ таоло ушбу кичик уринишни давомий ва умматга фойдали қилсин!
Ҳикматлар деяётганимиз – Қуръон карим оятлари тафсирлари, Набавий ҳадиси шарифлар ва уларнинг шарҳлари, ўтган буюк уламолар, устозларнинг ҳикматли сўзлари, насиҳат ва тавсиялари, буюкларнинг ибратли ҳаётларидан лавҳалар, Ислом тарихи ва бошқаларни ўз ичига олган араб тилидан таржима қилинган, изоҳлар билан тўлдирилган кичик ҳажмдаги илмий ишлар деса бўлади.
Бу ўринда ушбу ҳикматлар араб тили ўрганувчиларига ҳам ўзига хос қўлланма бўлиб хизмат қилаётгани ҳам ҳақиқатдир.
Биз билан бирга эканингиз учун саҳифа бош муҳаррири, муҳаррир, веб-дастурчилар ҳамда саҳифа масъулларидан иборат ижодий жамоамиз номидан барчангизга ташаккур билдирамиз.
Сайтнинг бош муҳаррири устозимиз Анвар Аҳмад бўлиб, у таржимон ва муаллиф, @hadisislomuz, @madrasaislomuz каналлари раҳбари, @grandtalim араб тили устозидир.
Албатта ушбу фаолиятда бандачилик билан йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун Ғафур Аллоҳга истиғфор айтамиз. Сўнгра сиз азизлардан узр сўраймиз.
Барча илм йўлига ҳисса қўшаётган яхшиларнинг ҳаққига дуо қиламиз, шу билан бирга жамоамиз билан сизларни хайрли дуоларингизга муҳтожмиз.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло илмингизни зиёда этсин ва Ўзи рози бўладиган бандалари қаторига қўшсин!
“Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир”. Аъроф сураси, 56-оят
Бобур Аҳмад ва arabicuz жамоаси.
5.2K viewsedited 04:00