Get Mystery Box with random crypto!

#sevimli_sher ЧУМОЛИ ҲАҚИДА НУТҚ «Меҳнаткаш» деб олганинг ун | Anvar Obidjon

#sevimli_sher

ЧУМОЛИ ҲАҚИДА НУТҚ

«Меҳнаткаш» деб олганинг унвон, Шоирларнинг ғариб хаёли.
Менинг эса, азалдан аён
Нафратим бор сенга, чумоли.

Ғивирлайсан. Терга ботасан.
Тирикчилик солар не кўйга.
Нима кўрсанг, уйга тортасан -
Уйга... Уйга... Қоронғу уйга.

Бошинг узра баҳор қуёши,
Таратади бир ипак зиё.
Ҳашаротлар ичра сен - тоши
Баҳорга ҳам боқмайсан қиё.

Уйга... Уйга! Тинмайсан бирпас,
Югурасан... Сенингча, юҳо,
Оғиз қалбни айтиш учунмас,
Овқат учун яралган гўё.

Уйга... Уйга! Жавдирар кўзинг,
Уйингда-ку чириб ётар дон.
Хаёлингда ўзинг, бир ўзинг,
Ютмоқчисан дунёни тамом.

«А» дедингми, токи «Ҳ»гача,
Очиқ айтмоқ замони етди.
Биз ҳаммани таниб бўлгунча, Чумолилар кўпайиб кетди.

Чорсуни-ку қўйинг (у - бозор,
Ўйнар савдо ашуласига).
Чумолилар бормоқда қатор,
Идоралар машинасида.

Оғринишар - «чумоли» деманг.
(Ҳатто шоир бўлсанг ҳам, жим тур!)
Ғазаб билан улар солса чанг,
«Қарс» синади ҳақиқат қурғур.

Пештахтага бири ёнбошлаб,
Бошчасини қувноқ қашийди.
Бири эса гул каби яшнаб,
Фарзандига диплом ташийди.

Бири бизнинг ишхонамизда,
Ерга жами оёғин тираб
Мансабини тортгани-тортган,
Зўриққандан шўрлик қалтираб.

Бири эса: «Пахтакор халқим,
Тасанно» деб тўлдирар шеърин.
Унга халқи керакмас, балки
Бир орденми, мукофот беринг.

Ўраб олди махлуқлар чиндан,
Бузиб орнинг чегарасини.
Ҳатто она Ҳуррият қилган,
Васиятлар тегарасини.

Ҳаммасини топиб келиб, энг
Олий жазо бермоқ хаёлим...
Ўйлаб қолдим - шеър ўлдирар кенг,
Мана, ёздим: «Сизлар - чумоли!...»

Тугаяпти шеърим. Кетаман.
Узр, жоним бўғзимга етди.
Чумолини ўйлаб туринг. Мен
Ниначини кўргани кетдим.

Усмон Азим