Get Mystery Box with random crypto!

Расулуллоҳга муҳаббат Зубайр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳни ўлд | Amuziyosi.uz | rasmiy kanal

Расулуллоҳга муҳаббат

Зубайр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳни ўлдирилганликлари ҳақидаги хабарни эшитиб кўчага чиқди ва Макка кўчаларида қиличини яланғочлаб у ёқдан бу ёққа югурарди. Ўша вақтда у бор йўғи ўн беш ёшда эди. Унинг қиличи Ислом йўлида яланғочланган биринчи қилич эди.

Баний Дийнор қабиласидан бўлган бир аёлнинг эри, отаси ва акаси Уҳуд жангида қатнашаётиб, барчалари шаҳид бўлдилар. Мусулмонлар у аёлга таъзия изҳор этар эканлар, аёл: Ё Расулуллоҳ! Сизнинг ОМОН қолишингиз ҳар қандай мусибатларга малҳамдир, деди.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ғорга киришдан олдин: Ё Расулуллоҳ! Ғорга аввал мен кириб кўрай, у ерда бирор газанда бўлса, аввал менга тегсин, дедилар.

Билол ибн Рабоҳ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин азон айтмай қўйдилар. Байтул Мақдис фатҳ қилинганда Умар разияллоҳу анҳу Билолга азон айтишга буюрдилар. Билол разияллоҳу анҳу азон айта туриб, ашҳаду анна муҳаммадан Расулуллоҳ деган жойига келганда шундай йиғладики, бунгача ҳеч ким Билолни бундай йиғлаганини кўрган эмасди.

Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу айтадилар: Ҳижрат йўлида кетаётган эдик, Расулуллоҳга бир идишда сут узатдим ва: ичинг ё расулуллоҳ!-дедим. Расулуллоҳ сутни ичганлари сари мендаги чанқоқ босилар эди.

Савбон разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Нега рангинг ўзгариб кетди?-деб сўрадилар. Савбон: мен касал эмасман, бирор ерим ҳам оғриётгани йўқ. Лекин, сизни бошқа кўролмайманми, деб қўрқиб кетдим, деди.

Робиъа ибн Каъб разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: нима истагинг бор?-деб сўраганларида, у: жаннатда СИЗ билан бирга бўлиш, деб жавоб берди.

Аллоҳим биз Сени гувоҳ қиламизки, биз пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни севамиз ва у зотни севганларни ҳам севамиз. Бизларни у зотдан айирмагин, гарчи амалларимиз қусурли бўлсада бизларни у зот билан бирга қилгин.

https://t.me/AmuziyosiUz