Get Mystery Box with random crypto!

Мансурийнинг ёзишича бир муросса тожга ўнлаб Фатуҳ қалъаси син | Amir Sayyid Olimxon

Мансурийнинг ёзишича бир муросса тожга ўнлаб Фатуҳ қалъаси сингари жойларни сотиб олиш мумкин бўлган. Афғон амирлари Сайид Олимхонга қанча самимий муносабатда бўлмасинлар ва меҳмондўстлик кўрсатмасинлар унинг эркин ҳаракат қилишга йўл бермаганлар. Фақатгина 9 ой ҳукумронлик қилган Бачаи Сақо даврида Бухоро амири бир қадар Афғонистон мамлакати бўйлаб эркин юриш ҳуқуқига эга бўлган эди. Саййид Олим Мансурий афғон амирларидан Омонуллахон, Мухаммад Нодиршоҳ, Зоҳиршоҳ кабиларни коммунистларга сотқинликда айблайди. Ҳатто, Бухоро амирининг маоши ва сарф-харажатлари ҳам коммунистик шўролар томонидан Омонуллахонга тўлаб турилганлигини ёзади. Аслида афғон амирларига ҳам ўша пайтда осон бўлмаган. Мамлакатда ички тартибни ва тинчликни сақлаш, СССР тазйиқ ва таъқиби остида қолмаслик учун муроса йўлини танлаш керак эди. Бухоро амирига ёрдам кўрсатишгина эмас, балки уни Афғонистонда сақлаб туриш СССР ҳукумрон доираларига қўл келмаган. Совет ҳукуматининг муҳожир туркистонликларни Афғонистондан чиқариб юбориш тўғрисидаги талабига Омонуллахон: “мамлакатимда қўзғалончилик психологияси кучли. Менинг ҳукуматим ағдарилса сизларга ҳам яхши бўлмайди!” деб жавоб берган. Муҳаммад Нодиршоҳ замонида ҳам амирнинг Афғонистонда туғилган фарзандлари олий маълумот олиш ҳуқуқидан маҳрум эдилар. Улар бир шаҳардан иккинчисига кўчиб юролмасди, ер-сув сотиб ололмаганлар. Китобда амир Олимхоннинг шахсий хислатлари ҳақида ҳам бой маълумотлар келтирилган. Сайид Олимхон фалсафа ва адабиёт билан шуғулланган, уни айниқса Мирзо Бедил ижоди қизиқтирган. Қалъаи Фатуда “Бедилхонлик”, ҳамда шеърият кечалари ўтказилган. Ҳатто, у бир марта Қобулда келган футбол камандаси билан мухожир ўзбекларнинг “Турон” командаси ўртасидаги футбол мусобақасини уюштириб, яхши ўйин кўрсатганларга совғалар улашган. Амир доимо бошига салла ўраб, тўн кийиб шарқча таомилга кўра миллий кийимда юрган. Афғонистон шоҳи Омонуллахон 1920 йилларда ислоҳатлар ўтказиб ўз мамлакатида европача кийиб юришни (калта кастюм, шим, шляпа) жорий қилган. 1922 йилда Пағмонда Афғонистон мустақиллиги куни байрами (Жўшон байрами) ўтказилган. Байрам тантаналарига таклиф этилган амир Олимхон ўзбекона кийимида Пағмонга келади, лекин уни соқчи ичкарига киритмайди. Кийимини алмаштириб келиш тўғрисидаги талабни бажармаган амир Фату қалъасигша қайтиб кетади. Амирнинг Афғонистонда туғилган биринчи фарзанди, ҳозирги кунда Туркиянинг Ғозиантиб шаҳрида яшаётган Сайид Умархон ҳам отаси ҳақида маълумот бери туриб: “Падари-бузрукворимиз шикорни (ов) яхши кўрар эдилар. Амир Омонуллахон билан овга чиқиб ўзларининг ўта мерганликларини кўрсатган эдилар. Афғон амири билан биргав овда тушган суратлари бор. Суратда афғон амири европача кийимда, отамиз эса бухороча миллий кийимда тасвирланганлар”-деган эди. Амир Олимхон ўз фарзандларига инглиз, урду тилларини ўргатиш учун Британия Ҳиндистоннинг Муробод шаҳридан Хўжа Рахматулло ва унинг укаси Хўжа Кароматулло исм-шарифли иккита ўқитувчи ёллаган. Улар инглиз айғоқчилари бўлиб, кейинчалик хоинликлари “акамулло” лақабли Умаржон исмли Британия Ҳиндистони мактаб ўқувчиси томонидан аниқланган. Бундан ташқари Оғо Муҳаммад исмли “Даривор” лақабли инглиз жосуси ҳам онаси билан бирга амир боғида бўлиб, Англияга амир ва унинг оиласи ҳақида маълумотлар юбориб турган.
“Бухоро-Туркистон бешиги” китобида истиқлол учун курашган Иброҳимбек Лақай, Шермуҳаммадбеке, Абдулқаҳҳор каби саркардалар ҳақида маълумотлар берилади. Уларнинг амир Олимхон билан мулоқотлари ўзаро муносабатлари баён қилинади. Китобда Афғонистондаги ўзбек муҳожирлари йўлбошчиларидан бири Сайид Мубаширхон Тарозий, унинг фарзандлари тақдири ҳам ёритилган. 1943 йилда Афғонистонда “Ватанни қутқариш комитети” ўзбек муҳожирларининг ташкилоти раҳбарларидан бири сифатида Тарозий зиндонбанд қилинади. У 1948 йилга келиб озод қилинган. Кейинги умрини Мисрда яшаб 83 ёшда Қоҳирада вафот этган. Катта ўғли Саййид Насрулло Мубашир ҳозир Мисрда яшаб, араб, турк, форс тилларида ижод қилади. Кичик ўғли Абдулло Мубашир 1971 йилда Қоҳира университетида илмий даража олиб араб, форс, турк, урду тилларидан дарс бермоқда.