Get Mystery Box with random crypto!

Бухоро» нашриёти Саййид Мансур Олимийнинг «Бухор гоҳвораи Турк | Amir Sayyid Olimxon

Бухоро» нашриёти Саййид Мансур Олимийнинг «Бухор гоҳвораи Туркистон» («Бухоро-Туркистон бешиги») китобини чоп этди. Мансур Олимий Афғонистонда 1931 йилда таваллуд топган Амир Олимхоннинг 22 фарзандидан биридир. Ушбу китоб араб имлосида, форс тилида ёзилган бўлиб, илк бор 1996 йилда Туркия Республикасида чоп этилган. Бухоро Давлат Университети Ўзбекистон тарихи кафедрасининг доценти, мозийшунос, зукко олим Ҳ. Ҳ. Тўраев Мансур Олимийнинг китобини форс тилидан ўзбек тилига ўгириб, амалдаги алифбода китобхонларга туҳфа қилишдек савобли ишни бажарди. Ҳ. Ҳ. Тўраевнинг олти-етти йиллик меҳнати туфайли дунё юзини янгидан кўрган ушбу китобга сарфланган вақт зое кетмади. Бу каби машаққатли ва маъсулиятли, айни пайтда хайрли ишни Бухоро тарихидан чуқур хабардор бўлган, илмий тадқиқотлар тажрибаси ва ҳадисини мукаммал эгаллаган олимгина уддалай олиши барчага аён. Айтиш мумкинки, Ҳ. Тўраев юқоридаги таҳсинга сазовор тадқиқотчидир.

«Бухора Туркистон бешиги» китобида юртимизни араблар томонидан истило қилиниши давридан ХХ аср 20-йилларигача бўлган тарихи ўз аксини топган.. лекин энг кўп саҳифалар сўнгги амир Сайид Олимхон, унинг аждо ва авлодлари ҳаёти, ҳамда фаолияти қирраларини ёритишга ажратилган Сайид Олимхоннинг отаси амир Абдулаҳадхон (1885-1910) шеърият ва адабиётга ихлоси баланд бўлганлиги, «Ожиз» тахаллуси билан ижод қилганлиги ҳақида маълумот бера экан муаллиф: «Ҳожи Неъматулло мухтарам мазкур амир (Абдулаҳадхон) топшириғи билан «Тазкират ул-ашъор» номли асар ёзган. Тазкирада «Ожиз» тахаллусида шеър битган амир Абдулаҳад шеърларидан намуналар келтирилади»-деб ёзади (62 бет). Совет даври адабиётларидан хон ва амирларни қонхўрлиги, шавқатсизлиги, зўравонлиги ва босқинчилиги, таловчилиги ҳақидаги бир-бирини такрорловчи маълумотларни ўқирдик. Ҳолбуки, Абдулаҳад сингари ҳукмдорлар савобли ишларга ҳам қодирлигини амалда исботлашган. У ўз ҳукмронлиги йилларида Маккаи мукаррама, Мадинаи мунавварада, Шом, Миср, Сурия ва Ироқда работлар, мехмонхоналар барпо этган экан. Улардан ҳозирги кунда муқаддас шаҳарларга зиёрат учун борувчилар фойдаланишмоқда. Мансурийнинг ёзишича, Абдулахад Франция банкига катта маблағ қўйган, ундан ҳозиргача фойдаланган эмас (69 бет). Амир Сайид Олимхон ҳам китобда ёзилишича 1914 йилда ўз вакилларидан Тўрақул, Қори Музроб, Қори Муҳаммадлар орқали ўн уч минг беш юз дона қоракўл терини Британия Ҳиндистонига юборган. 1921 йил Афғонистондан туриб Ҳожи Исмоилбек ва Тўрақулни қоракўл териларни сотиш учун Лондонга (Англия) юборади. Қоракўл терилар 175 00000 ҳинд рупиясига сотилади, шу пул маблағининг 27930,2,9, пенс инглиз фунти Лондоннинг «Grind lays Bank P. J. C.” банкасига амир Олимхон номига ўтказилади. Амир Олимхоннинг фарзандлари Лондон ва Пешовар банкаларига неча бор мурожат қилишларига қарамай ҳанузгача пуллар қайтарилмаган, ҳозир ҳам бу пуллар амир Олимхон номига турган экан. (120 бет). Мансурий отасининг афғон амирлари Омонуллахон (1919-1929 йй) Ҳабибулла Килконий (Бачаи Сақо, 1929 й), Муҳаммад Нодир шоҳ (1929-1933 йй), Муҳаммад Зойир шоҳ (1933-1973 йй) кабилар билан муносабатлари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтиради. Амир Олимхон 500 ҳамроҳи билан Қобулга кириб борганида (1921 йил баҳорда) аввал Ҳусайн Кавт боғида яшайди, сўнгра Ҳошимхон боғига кўчирилиб, бир йилдан сўнг эса Муродбеги қалъаси боғига ўтказилган. Муродбеги боғида тўрт ой яшаганидан сўнг унинг охирги қароргоҳи Қобулдан 11 км узоқликда жойлашган Фатуҳ қалъаси боғи бўлган. Бу жой амир ва унга тегишли кишиларга доимий яшаш учун бепул инъом этилган (89 бет). Аслида Сайид Олимхон Афғонистонга ўтганида кўп ҳам қашшоқлашиб қолган эмасди, у афғон амирларининг садақасига зор бўлмаган. Муродбеги қалъасида турганида Ҳожи Мирзо девонбеги қимматбаҳо олмос ва жавоҳирлар билан безатилган уч дона муросса тожларни амирга келтириб берган. Амир олтин камари ва бир дона тожини Омонуллахонга ҳадя этган. Иккинчи тожини Муҳаммад Нодир шаҳга совға қилади. Сўнггги учинчи муросса тожи эса озодлик учун курашаётган мужоҳидлар ҳаракати иштирокчиларига қурол-аслаҳа, от ва анжомлар сотиб олишга сарфланган.