Get Mystery Box with random crypto!

1990-йилларнинг аввалида руҳшунос Андерс Эриксон икки ҳамкасби | Allaev Uz (16 )

1990-йилларнинг аввалида руҳшунос Андерс Эриксон икки ҳамкасби билан Берлиндаги мусиқа Академиясида тадқиқот ўтказди. Ўқитувчилар ёрдами билан скрипка чолғуси талабаларини уч гуруҳга ажратишди. Биринчи гуруҳга салоҳиятини дунё эътироф этадиган даражада деб баҳоланганларни киритилди, иккинчи гуруҳга — “келажагидан умид бор”ларни киритишди. Учинчи гуруҳга — малакали мусиқачи бўлишидан умид қилинмайдиган, нари борса – мактабда мусиқадан дарс бериб юрадиганларни жамлашди. Ҳамма иштирокчиларга битта саволни беришди: илк бор қўлингизга скрипкани олганингиздан сўнг то бугунгача неча соат машқ қилгансиз?

Ҳамма иштирокчилар деярли бир вақтда бошлашган — беш ёшлардан қўлга асбоб ушлашган. Дастлабки бир неча йил ичида ҳаммалари бир хил — ҳафтасига икки-уч соат машқ қилганлар. Тахминан саккиз ёшларда фарқ бошланган. Синфда энг яхшилари ҳисобланган талабалар бошқаларга қараганда энг кўп машқ қилганлар: тўққиз ёшларда ҳафтасига олти соат; 12 ёшда – саккиз соатдан; 14 ёшда – 16 соатдан, шу тариқа 20 ёшгача машқ қилганлар, — яъни ўз маҳоратларини бир мақсад йўлида тинимсиз оширганлар — ҳафтасига 30 соатдан зиёд машқ қилганлар. Шундай қилиб, 20 ёшга кирганда энг яхши талабалар умумлаштирганда 10 000 соатдан зиёд машқ қилганлар. Ўртача даражали талабаларда соатлар миқдори 8000 бўлди, бўлғуси мусиқа муаллимлари 4000 соатдан кўп машқ қилмаганлар.

Шундан сўнг Эриксон ўз ҳамкасблари билан малакали пианиночилар ва ҳаваскор пианиночиларни ўрганганлар. Худди шундай қонуният намоён бўлган. Ҳаваскорлар болаликда ҳафтасида уч соатдан зиёд шуғулланмаганлар, шунинг учун 20 ёшга келиб, уларнинг умумий амалиёт соатлари 2000 соатдан ошмаган. Малакалилар эса, аксинча, ҳар йили машқлар давомийлигини оширганлар ва 20 ёшга келиб, уларнинг ҳар бири “ўз жомадони”да 10 000 соатдан зиёд машқларга эга бўлганлар.

Шу нарса диққатга сазоворки, Эриксон ва унинг ҳамкасблари алоҳида куч сарфламасдан ва тенгдошларидан кам машқ қилиб, катта ютуқларга эришган бирорта талабани топа олмадилар. Бутун кучи, жон-жаҳди билан тиришиб машқ қилган ва лекин етарли қобилияти бўлмагани учун олдинга чиқа олмаган талаба ҳам топилмади. Мазкур тадқиқот натижаларига асосланиб, энг яхши мусиқа ўқув юртига киришни истовчи ва етарли қобилиятларга эга инсонларни фақат тиришқоқлик билан қилинган меҳнат ажратиб туради, деб хулоса қилиш мумкин эди. Бор-йўғи шу. Дарвоқе, энг яхши талабалар қолганлардан кўра шунчаки кўпроқ меҳнат қилиб қўя қолмаганлар. Улар зиёд, ҳаддан зиёд кўп меҳнат қилганлар.

Малколм Гладуэллнинг «Зукколар ва ландавурлар» китобидан.