Get Mystery Box with random crypto!

Давлат раҳбари билан мазмунли, жуда фойдали, самимий ва том ма | Alisher Qodirov

Давлат раҳбари билан мазмунли, жуда фойдали, самимий ва том маънода очиқ мулоқот бўлди.

Партиялар жамиятда ўз сўзи ва овозига эга бўлаолмаяпди. Ишончни қозонаолмаяпмиз. Президентга очиқ айтдик: сизнинг ташаббусингиз билан бошланган янги Ўзбекистон ислоҳотларига 4 йил бўлди. Парламент ўзгарди, партиялар ўзгарди, лекин халқимиз ишончини қайта қозониш осон бўлмаяпти.

Партияларку бир нарсани дўндириб қўймаган, тушунса бўлади, лекин, Президент томонидан қисқа вақт ичида халқ манфаатлари учун жуда кўп ўзгаришлар қилинди, жуда катта сиёсий ирода кўрсатилди, шунда ҳам Президентга туҳмат қилаётган, қарорларидан кир қидираётган, ҳамма муаммоларни бир кунда ҳал бўлиб қолишини талаб қилаётганлар бор. Қўлини қўлига урмасдан фаровон турмушни хукуматдан тайёр кутаётганлар ҳам кам эмас. Бу эса мамлакатда иқтисодий ўсиш ва инсон эркинликларини таъминлаш билан бир қаторда дунёқараш ва тафаккурни ўзгартиришдек муҳим масалани ҳам кун тартибига қўяди.

Инсон ўзгармаса жамият ўзгармайди! Бугунги ўзгариш даврини халқимиз юзлаб йил кутди. Ўзбек халқини гапириш у ёқда турсин бошини кўтаришга қўйишмади. Халқимизни авомга айлантириш, йўқ қилиб юборишга ҳаракатлар қилинди. Бугунги ислоҳотлар Президентнинг иродаси билан юзага келди ва у тарихимизда миллий уйғониш даври сифатида муҳрланади. Бу давр миллий тараққиётимиз учун имкониятдир. Лекин, имконият баракадек тинчликсевар бўлади, ғийбат, туҳмат, ҳақоратлар билан уни кўкка совурилган жойдан кетиб қолади.

Хатоларни ҳеч ким яширмаяпти, уларни тузатишга ҳисса қўшайлик. Зеро, муваффақият ҳаммамизники бўлгани каби инқироз ҳам ҳар биримизни дастурхонимизга келиб тушади. Ўзбекистон оёққа тураяпди, камчиликларимизни камайтириб, яхшиликларимизни кўпайтириб, бир-биримизга далда бўлиб Ватанимизни ривожлантирайлик. Муаммоларимиз кеча пайдо бўлиб қолмаган, бир ҳаракат билан эртага ҳал бўлиб ҳам қолмайди. Ҳамма ҳаракат қилаяпди, қилолмаганлар қатордан тушиб қолаяпди. Яхши ниятли ватандош бундай ҳолатда далда беради, қўллайди. Дарғазаб туҳмат ва бузғунчи шовқин ҳолимизни заифлаштириб, ғалабани узоқлаштиради.

“Миллий тикланиш” партияси барча ватандошларни бир тану бир жон бўлиб мамлакатдаги ўзгаришларда фаол иштирок этишга чақиради.

Ҳар биримиз ўзгаришларни ўзимиздан бошлайлик.

@alisher_qodirov