Get Mystery Box with random crypto!

Одил судлов: Адолат излаб борган жойингда ўзларига адолат қила | Advokat Abdullayev

Одил судлов: Адолат излаб борган жойингда ўзларига адолат қила олмасалар ...

Бизга келаётган мурожаатлар орасида суд идораларида хизмат қилаётган судья ёрдамчиларининг меҳнатига оид ҳуқуқ бузилишлар ҳақидагиларини ҳам эътиборимиздан четда қолдира олмаймиз.

Аввало, одил судлов фаолиятини судья ёрдамчиларининг меҳнатисиз тасаввур қилиш қийин. Ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш жараёнидан тортиб, суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида процесс иштирокчиларини хабардор қилиши, судга чақирилган процесс иштирокчиларининг келган-келмаганлигини текшириши, ҳозир бўлмаган шахсларнинг келмаганлиги сабабини аниқлаб, бу ҳақда судга маълум қилиши, суд мажлислари баённомасини юритиши, раислик қилувчининг суд муҳокамасини тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа топшириқларини бажариши, қўйинг-ки, тинимсиз банд бўлиш ва ярим тунга қадар узлуксиз иш жойида ҳозир бўлишга мажбур бўлиши барчамизга маълум.

Расмий ҳужжатларда судья ёрдамчиларининг айримлари 0,50, баъзилари эса 0,75 ҳамда 1 ставкаларда ишлашаётганликлари кўрсатилган бўлса-да, лекин афсуски, тегишли ставкада иш соатлари адолатли тақсимланмаётганлиги, иккинчидан, эрталаб соат 9:00 дан то кеч соат 22:00 гача меҳнат қилаётганликлари, ҳафтасига 60 соатдан ортиқ, ҳаттоки айрим вақтларда дам олиш кунлари ҳам ишга чиқаётганликлари ҳақида маълумотларга эгамиз.

Улар ёш, ишлаши, иш ўрганиши керак, деб оқланишга асло урина кўрманг.
1. Амалда бажарган ишига мутаносиб равишда ва миқдорда аввал моддий, қолаверса, маънавий рағбатлантира олиняптими? Албатта йўқ.
2. Юкланаётган иш ҳажми иш ставкасига мутаносиб бўлиши таъминлай олинмоқдами? Албатта, бунга ҳам баралла, ҳа деб жавоб бера олишмайди.
3. "Ҳали ёш" бўлган кадрни меъёридан ортиқ юкламалар билан бу йўсинда сурункали банд қилиниши келгусида унинг ўз ишига сидқидилдан, виждонан ёндашишдан совутиб қўйиши, бора-бора меҳнатга иштиёқи сўниб, ишга меҳри нафратга айланиб қолиши хавфи ҳақида ҳеч ўйлаб кўришадими? Таассуфки, бунга биз ҳа, деяолмаймиз. Чунки, булар ҳақида ўйлаганларида эди, қонунийлик ва адолатни таъминлаш маскани-суд буларни аввало ўзида тўлақонли таъминлаб қўйган бўлар эди.

Меҳнат интизоми фақатгина қўл остингиздагиларнинг интизоми эмас, иш берувчи сифатида Сизнинг ҳам интизомингизни англатади. Аввало қўл остингиздагиларга адолат қилинг-ки, биз Сиздан адолат кутайлик.

Каналга уланиш:
@Advokat_Abdullayev