Get Mystery Box with random crypto!

#Коррупция “Миннатдорчилик” коррупцияси Кўпинча, инсонлар и | Advokat Abdullayev

#Коррупция

“Миннатдорчилик” коррупцияси

Кўпинча, инсонлар ишларини ҳал қилиб берган мансабдор олдида ўзларини ноқулай, аниқроғи, гўёки ўзларини унинг олдида қарздордек ҳис қилишади. Агар мансабдор ишни ҳал қилиб берганлигини таъкидлаб қўядиган бўлса, бу ҳиссиёт икки карра ошади. Чунки иш битди, илтимос қилинган масала, қийнаётган муаммо қонуний ҳал этилди. Инсон доим иши ҳал бўлса, бунга сабабчи бўлган одамлардан мамнун бўлган ҳолда уларни ҳам имкон қадар хурсанд қилгиси келади.

Қизиқ, амалдор одам ўз вазифасини сидқидилдан, виждонан ва ўз вақтида бажариши натижасида инсонларнинг муаммолари ҳал этилган бўлса, уларда нима учун қарздорлик ҳисси пайдо бўлмоқда?

Сабаби шунданки, ана шу қарздорлик ҳисси келажакка қолиб кетмаслиги, кейинги учрашув ёки яна бирор масала билан ўша мансабдорга дуч келиб қолган тақдирда, унинг самимий қабул қилиниши учун замин хозирлаб, миннатдорчилик қилиб қўйишга интилади ва бунга кўпчилик мойил бўлади.

Ҳаттоки, юқори даражадаги ҳамда ёши улуғ бўлган мансабдорлар орасида ҳам бир “нақл” борки, буни ёшларга ёйишга ҳаракат қилишади ва ўз шогирдларига уқтиришади: “Инсонларга ёрдам қилиб қўй, ўзлари уялиб миннатдорчилик қилиб кетишади. Шунинг ўзи етади. Таъмагирлик қилиш шарт эмас, шу кресло сени боқади”.

Мана шу ғоя ҳамда ундан ҳосил бўлган кайфият мансабдорларга ўз "кресло"ларига ёпишиб олишларини таъминлайди, ёшларни эса мансабга, кресло ортидан бойлик орттиришга қизиқтиради. Натижа эса жамиятда коррупцияга қизиқишни кучайтириб, коррупциянинг шаклланишига шароит яратиб беради.

Эътибор берганмисиз, моддий шаклдаги миннатдорчиликни қабул қилишни, асосан, эҳтиёткор мансабдорлар тоифасида учратиш мумкин. Улар буни “пора олиш” деб ҳисоблашмайди, аслида эса ушбу ҳаракат ҳам пора сифатида баҳоланадиган қилмишлар сирасига киради.

Эҳтиёткор мансабдорларнинг фикрича, бундай турдаги миннатдорчиликни қабул қилишда таъмагирлик қилинмаганлиги учун ҳам бу “пора” ҳисобланмайди, яъни улар ўз ҳаракатларида таъма бўлмаганлигига урғу беришади. Аммо мансабдор томонидан талаб қилиб олинмаган, инсонлар ўзлари хоҳлаб, чин дилдан рози бўлиб берган моддий қимматликлар мансабдор шахснинг вазифасидан келиб чиқиб бажарган ҳаракатлари учун “миннатдорчилик” тарзида тақдим этилганлиги поранинг муҳим белгисини кўрсатиб беради. Бундай порани оладиган мансабдорлар шу сабабли ҳам ўз эҳтиётини қиладилар. Улар иши тушиб келган, уларга мурожаат қилган инсонлар миннатдорчилик сифатида тақдим этаётган моддий қимматликларни беришса, олиб қоладилар. Мабодо беришмаса, талаб ҳам қилишмайди. Порани миннатдорчилик сифатида баҳолайдиганлар тоифасини шу белгилар орқали тасвирлаш мумкин.

Хўш, бундай “миннатдорчилик” олди-бердисининг қандай ижтимоий хавфи бор?

“Миннатдорчилик” тарзида “совға” ва “мукофот”лар олиб юрган давлат хизматчисининг виждони чирий бошлайди, қалбида аста секин таъма уруғи ниш уради. “Совға” берган инсонларнинг муаммосини навбатсиз ҳал қилиб бериши натижасида “миннатдорчилик” билдирмаган инсонларга “вақти етмай қола бошлайди”. Охири эса эҳтиёткор мансабдор таъмагир шахсга айланади.

Демак, жамиятда коррупция мансабдор олдидаги қарздорлик ҳиссиёти ва “миннатдорчилик” белгиларидан шаклланар экан. Бунда инсонлар жамиятда ўзларига алоҳида муҳит яратишади. Миннатдорчилик деб порани бераётган ҳам, олаётган ҳам шундай муҳитга мослашиб кетади. Бузилган жамият эса “Қарздорлик ҳиссини” туядиганлар ва эҳтиёткор мансабдорлар жамиятининг кенгайиб боришига ўз-ўзидан давлат бошқарувига ўнгдан ва чапдан, ҳам юқоридан, ҳам қуйидан зиён етказади.

Хулоса қиламиз.

Каналга уланиш:
@Advokat_Abdullayev