Get Mystery Box with random crypto!

Одил судловда прокурор: Мақсад ҳақиқатни фош қилишми, ёки ... | Advokat Abdullayev

Одил судловда прокурор: Мақсад ҳақиқатни фош қилишми, ёки ... ?

Судларда жиноят ишларини кўрилишида давлат айбловини қувватловчи прокурорларнинг мажбурий шаблонга айланиб қолган "стандарт" позицияларига ҳақли эътирозимиз бор.

Давлат айбловини қувватлаш вазифаси бу, ҳар қандай ҳолатда ҳам, шу жумладан ойдинлашаётган ҳақиқат айбловга тамомила ёки қисман тескари манзарани ифодаланган ҳолатларда ҳам айбловни қувватлаш мажбуриятини англатмаслиги керак.

Ўз навбатида, айнан шу йўналишдаги прокурорларнинг фаолиятига баҳо беришда судда қатнашган ишлар сони, суд қарорларига билдирган протестларнинг самарадорлиги кабилар эмас, балки қонуний, асосли ва адолатли қарорлар чиқарилишида судларга фаол кўмаклашганлиги, суд қарорлари кейинчалик юқори инстанцияларда ўзгартирилмаганлиги ёки бекор қилинмаганлиги билан боғлиқ кўрсаткичлар мезон қилиб олиниши керак, назаримизда.

Олий суд ахборотига кўра, 2023 йилда 1244 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган. Юқори инстанция судлари томонидан 7332 нафар шахсга нисбатан қуйи судларнинг қарорлари бекор қилинган ёки ўзгартирилган.

Шуни ўзидан ҳам хулоса қилишимиз мумкинки, ишда давлат айбловини қувватлаётган аксарият прокурорлар асл мақсад бўлган ҳақиқатни юзага чиқариш ва адолатни қарор топишига кўмаклашиш учун эмас, балки ҳар қандай ҳолатда давлат айбловини қувватлаш позициясини маҳкам ушлаб олиш учун курашмоқдалар.

Хоҳлардик-ки, давлат айбловини қувватлаётган прокурорлар тортишув принципини амалда ишлашида фаол бўлсинлар. Бу жараёнда эса, мазкур принцип нима қилиб бўлса ҳам, "ютиб чиқиш" га эмас, балки асл ҳақиқат юзага чиқишига ва адолат қарор топишигагина хизмат қилишга қаратилганлигини унутиб қўймасинлар.

#айблов #тортишув

@Advokat_Abdullayev