Get Mystery Box with random crypto!

КАЪБАТУЛЛОҲ Ҳануз бири икки бўлмаган элдан Келдим, нажот изла | 𝗔𝗱𝗮𝗯𝗶𝘆𝗼𝘁 𝗢𝗹𝗮𝗺𝗶

КАЪБАТУЛЛОҲ

Ҳануз бири икки бўлмаган элдан
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.
Бағри хун, толеи кулмаган элдан
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Бир замон унинг ҳам бўлган қудрати,
Дунёни ёритган зеҳни, фикрати.
Ҳатто қирғоқларни бузган шиддати,
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Тегирмон тошидек айланди тақдир,
Карвонлар тўзғиди, сарбонлар басир.
Банди бўлган эди улуғ юрт, ахир,
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Авж олди иғвою фириб, разолат,
Йиғлади бир четда етим адолат,
Борми саодатга, ахир, кафолат,
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Дуч келган санамга сиғиндик гоҳи,
Бизга кенг очилди Шайтон даргоҳи.
Ахир, нима эди элнинг гуноҳи,
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Хор бўлди Ватанда кимки илми бор,
Бировлар зар билан топди эътибор.
Ҳийлагар кўпайди, кўпайди маккор.
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Магар бўри экан одамга одам,
Бир-бирин бошини егай дамодам,
Инсоф, диёнатни унутдик биз ҳам,
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Ҳаргиз айнимасин томирдаги қон,
Мудом таъзим қилгай асли қул Инсон.
Ҳақиқат йўқ жойда яшнагай ёлғон,
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Қай замон одамлар бад феълин сездим,
Вафоли дўст излаб дунёни кездим.
Топмадим, топмадим, баридан бездим,
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Қошингда тиз чўкиб турибман шу дам,
Дилимда илтижо, қўлимда қалам.
Шафқатинг аяма мендан ҳам, Эгам,
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ.

Шукрона айтурман ўзингга, ё Раб,
Юз бурдик ҳидоят йўлига қараб.
Ҳақ деган юртимнинг бахтини сўраб
Келдим, нажот излаб, ё Каъбатуллоҳ

Абдулла Орипов
t.me/Adabiyot_olami
t.me/Abduvohid_Suvonov