Get Mystery Box with random crypto!

БОЛАЛИГИМ... Қизғалдоқлар қирларимда қолиб кетдинг, Беғуборли | 𝗔𝗱𝗮𝗯𝗶𝘆𝗼𝘁 𝗢𝗹𝗮𝗺𝗶

БОЛАЛИГИМ...

Қизғалдоқлар қирларимда қолиб кетдинг,
Беғуборлик унут бўлди, толиб кетдинг,
Сен бевафо, бевафолик қилиб кетдинг,
Тушларимга кирсанг эди, болалигим,
Қани қайтиб келсанг эди, болалигим.

Қайлардасан, эй шодонлик, меҳрибонлик,
Йироқлардан хаёл унган, бахтиёрлик,
Ўзи жасур, ўзи хонлик, паришонлик,
Тушларимга кирсанг эди, болалигим,
Қани қайтиб келсанг эди, болалигим.

Дунёлари сенда эди, менда эди,
Куним ўтар, тупроқларда, қумда эди,
Орзуларим қўл етмаган жойда эди,
Тушларимга кирсанг эди, болалигим,
Қани қайтиб келсанг эди, болалигим.

Тонгда онам иссиқ нонни тутган дамлар,
Қуёшдан ҳам мағрур ёнган тунги шамлар,
Дилни эзар, бугун тортган ғам-аламлар,
Тушларимга кирсанг эди, болалигим,
Қани қайтиб келсанг эди, болалигим.

Энг ёмони - соғинганим билмаслигинг,
Билсанг ҳамки, сира парво қилмаслигинг,
Армон бўлди энди қайтиб келмаслигинг,
Тушларимга кирсанг эди, болалигим,
Қани қайтиб келсанг эди, болалигим.

Баҳор келса сени, мендек кутган борми,
Қадринг сезиб, ардоқлаган дилозорми?
Қумсадим-да сочда кўриб, оқ қировни,
Тушларимга кирсанг эди, болалигим,
Қани қайтиб келсанг эди, болалигим.

Абдувоҳид Сувонов
t.me/Adabiyot_olami
http://t.me/Abduvohid_Suvonov