Get Mystery Box with random crypto!

​​БАДБАХТ ЎҒИЛ (Собиқ доҳийға) Бир пайтлар хўп бой эди бу он | Abdurahmon Meshayan

​​БАДБАХТ ЎҒИЛ

(Собиқ доҳийға)

Бир пайтлар хўп бой эди бу онахон,
Жигарлардан ортиб ётга тутарди нон.
Лек йигирма тўрт йил аввал бўлдию хон,
Ўз онасин хор айлади бадбахт ўғил.

Жигарларин юрагига қўрқув солиб,
Иблис-ла тил бириктириб келди ғолиб.
Бағридаги олтинларин тортиб олиб,
Ўз онасин хор айлади бадбахт ўғил.

Э вох ўғил кундан-кунга хаддан ошар,
Опа-ука, ака-синглин қамаб яшар.
Бечоралар либосларин ямаб яшар,
Ўз онасин хор айлади бадбахт ўғил.

Онасига рахми келмас ўхшар тошга,
Дард тунини, ит кунини солди бошга.
Кўпнинг куни у деб қолмиш гўштсиз ошга,
Ўз онасин хор айлади бадбахт ўғил.

Не-не қизлар Дубай ёқда у сабаб хор,
Не-не йигит дунё бўйлаб қул, мардикор.
Анинг учун Аллоҳ йўқдир, бир нафси бор,
Ўз онасин хор айлади бадбахт ўғил.

Онасининг юрак бағрин айлаб вайрон,
Андижонда юзларидан оқизди қон.
Қилмишидан замин карахт, фалак хайрон,
Ўз онасин хор айлади бадбахт ўғил.

Хар қадамда учрасада тилло дўкон,
Унга кириб не ололар фақир деҳқон?
Бу онанинг исми-шўрлик Ўзбекистон,
Ўз онасин хор айлади бадбахт ўғил.

@A_meshayan
1-сентябр 2015-йил.
Абдураҳмон Мешаян