Get Mystery Box with random crypto!

​​АТО ЭТ! Ё Раб тўлиб тошди сабримнинг жоми, Тилимда бир Сен- | Abdurahmon Meshayan

​​АТО ЭТ!

Ё Раб тўлиб тошди сабримнинг жоми,
Тилимда бир Сен-у, Пайғамбар номи.
Муқаррар ботгайдир умрим қуёши,
Бир куни келган пайт умримнинг шоми:
Менга ўз юртимдан қабр ато эт!
Менга ўз юртимдан қабр ато эт!

Қолар мен тотмаган шарбатлар яҳна,
Қолади менданда дунёдек саҳна.
Мени кўмсалар бас Ўзбекистонга,
Азроил жонимга солганда раҳна.
У дунёингда хам қадр ато эт!
Менга ўз юртимдан қабр ато эт!

Чиқарган хукмингга кўнсинлар дўстлар,
Ибрат олиб ўйга чўмсинлар дўстлар.
Ажнабий юртларда хор қилмай таним,
Мени ўз юртимга кўмсинлар дўстлар.
Бор жигарларимга сабр ато эт!
Менга ўз юртимдан қабр ато эт!

Руҳимга бермасин дўстим азият,
Тақазо этсада гарчи вазият.
Ортимдан ғийбатмас тиловат қилсин,
Қуръони Каримдан шудир васият.
Ҳеч қачон демасман: жабр ато эт!
Менга ўз юртимдан қабр ато эт!

Менга муқаддасдир юртимда хар хас,
Тақдирим боғлиқдир унга чамбарчас.
Ер устида менга кун бермаганлар,
Ер остига кирсам тинч қўйсалар бас!
Лаъинга нисбатан қахр ато эт!
Менга ўз юртимдан қабр ато эт!

Ё Раб юрак дардим ўзингга аён.
Қилмасамда буни тил бирла баён.
Кўмилай онамнинг пойига ёки,
Отажоним бирла ётай ёнма-ён.
Тушимга хайрли таъбир ато эт!
Менга ўз юртимдан қабр ато эт!

Не-не ХУДОман деб хайқирган гумроҳ
Кўрганман тобутда жим ётганин ох.
Мени жаннатингда қул қил майлига,
Фақат айламагин жаханнамда шоҳ
Амалларим учун ажр ато эт!
Менга ўз юртимдан қабр ато эт!

Юрт қадри ўлчанмас асло тиллода,
Халқ қадри ўлчанмас асло тиллода.
Хаж қилган чоғимда ё Умра пайти,
Жоним узилган чоғ Маккатиллода:
Менга тор эмас кенг қабр ато эт!
Сўнгра жаннатингдан шаҳр ато эт!

@A_meshayan
октябр-2015
Абдураҳмон Мешаян