Get Mystery Box with random crypto!

Ишончсизлик ҳақида. Калгаридаги магистрал қувур ёрилиши ва ун | Замбаракнинг ўқи

Ишончсизлик ҳақида.

Калгаридаги магистрал қувур ёрилиши ва уни таъмирлаш пайтида кўпроқ муаммолар топилгани ҳақидаги постимда баъзи муштарийларимизда амалдорларга бўлган ишончсизликни, амалдорларда коррупция аломатларини кўришаётганини сездим. Ва шу мавзуга батафсил тўхталишга қарор қилдим.

Биз Ўзбекистонда ва собиқ СССР мамлакатларида ҳокимиятга, амалдорларга, бошқарув тизимига ишончсизлик руҳида катта бўлганмиз. Албатта, давлат ва амалдорлар юз йиллар давомида бизни ҳар қадамда алдаб келганидан кейин ишонч қолармиди? Биз алданганимиздан сўнг давлатни ҳам алдаш, тизимни айланиб ўтиш ҳаракатида бўламиз-да. Бу табиий-ку.

Мен ҳам Канадага кўчиб келганимда кўп нарсага ишонмаганман. Наҳотки докторлар порасиз ҳам шунақа яхши хизмат кўрсатади? Наҳотки ўқитувчилар “совға”сиз ҳам шунақа зўр муомала қилади? Наҳотки магазинчи мени алдаб кетмайди? Ва ҳ.к. ва ҳ.к.

Бундай ишончсизликнининг жуда кўп намуналарини русийзабон калгариликлар ўтирадиган фейсбук гуруҳларида ҳам кўрдим. Уларда ўқитувчиларга, докторларга, солиқ инспециясига, амалдорларга, умуман тизимга ишонч шунчалик пастки, улар доим ўзларини алдангандек ҳис қилаверадилар. Доим “подвох” қидирадилар.

Бир неча йил мана шундай “наҳотки”лар билан яшадим. Лекин 2—3 йилдан сўнг ўргана бошладим. Ҳамма ҳам мени алдаб кетиш ниятида эмас экан.

Нима демоқчиман қувурни таъмирлаш ишларида ҳам амалдорларга ишондим. Бу унақа катта лойиҳа эмас-ки, бунда коррупция бўлса. 50 йил ётқизилган қувур эскирибди, алмаштириш керак, холос. Ва бунақа ишларда пул ўғриланишига ҳам ишонмайман.

Чунки мен амалдорларга эмас, тизимга ишонаман. Ҳокимлар, бош вазирлар, депутатлар сайланади ва шу сабабли уларда сиёсий жавобгарлик бор. Коррупция билан қўлга тушса, кейинги сафар сайловда ютқазади. Албатта, истиснолар бор, аммо бу ерда тўғридан-тўғри, очиқдан-очиқ ўғирлашганини кўп учратмадим.

Ишқилиб, ишонамиз. Ишончимизни оқламаса, кейин сайловда бошқа одамга овоз берамиз. Ечими бор.

@zambarakning_oqi