Get Mystery Box with random crypto!

Tesla сотиб олиш жараёни. 19 январь куни Тесланинг сайтига ки | Замбаракнинг ўқи

Tesla сотиб олиш жараёни.

19 январь куни Тесланинг сайтига кириб, ўзимга маъқул машинани танладим. Аввал моделни танлайсиз (мен Model Y — Equinox’дан сал каттароқ йўлтанламасни танладим). Кейин унинг ранги, салони ранги (қора ёки оқ-қора), дисклари ўлчами (19, 20, 21 дюйм) ва бошқа опцияларни танлайсиз. Шундан сўнг машинангиз заводдан қанчада чиқишини кўрсатади. Одатда 2-4 ҳафталарда чиқяпти.

Ëки, кутишни хоҳламасангиз, тайёр вариантлар ҳам бор. Танлов кўп эмас, лекин улар Калгарида турибди, дарҳол олиб кетишингиз мумкин.

Мен аллақачон ишлаб чиқарилган ва Калгарида турган, ранги “мокрий асфальт”, салони қора (оқи тез кир бўлади дейишди, айниқса болалар билан), диски 19талик (катта диск чиройли, аммо “жесткий”роқ), 5 ўриндиқли (3 қаторлиги ҳам бор экан, аммо учинчи қатори жуда тор) вариантини танладим.

Машинани “бронь” қилиш учун 250 Канада доллари тўладим. Шундан сўнг, менга Тесладан имейл келди — сайтда аккаунт очишимни сўрашди.

Сайтда шахсий маълумотларим, манзилим, “права”мнинг суратини жойладим. Кредит олиш учун ишлаш жойим, ойлик маошим ва СТИР рақамга ўхшаш идентификация рақамимни киритдим. Бир дақиқа ичида Тесла ҳамкорлик қиладиган банкдан жавоб келди, сенга кредит бердик, деган.

Ўз машинамни Теслага трейд-ин қилишим мумкин экан. Униям сайтда киритдим: VIN, километражи ва машинанинг ҳар томонидан олинган суратлар. Бир суткадан сал ортиқ муддатда машинамни баҳолашди. Аммо Тесла берган нарх ёқмади, шунинг учун таклифни қабул қилмадим, машинамни бошқа жойда сотиб юбордим.

20 январь куни Тесладан СМС келди: машинанг Калгарида, қачон олиб кетасан деган. Якшанба ва душанба кунлари салон ёпиқ экан, сешанба куни соат 14:00да опкетишга келишдим.

Шундан сўнг имейл келди. Унда машинани олиб кетиш учун ҳужжатлар рўйхати келтирилган:
- Кредит учун биринчи взнос чек кўринишида
- Суғурта полиси
- Автомобиль давлат рақами (Канадада рақамни ўзингиз билан олиб қолишингиз мумкин).

Бундан ташқари, имейлда янги автомобиль, уни бошқариш, унинг ички ёнув двигателли машиналардан фарқлари кўрсатилган видеоларга ҳаволалар берилган.

Ишлаб чиқарувчи билан мулоқот фақат СМС ва имейл орқали бўлди. Барча маълумот ва ҳужжатларни компания сайтига киритдим.

Ишқилиб, сешанба куни оларканман машинани. Агар дам олиш кунига тўғри келмаганида бир ё икки кунда опчиқиб кетардим. Энди 4 кун кутишимга тўғри келяпти. Канадаавтосаноат қаққа қараяпти?!

@zambarakning_oqi