Get Mystery Box with random crypto!

Тасаввуф ҳаёт йўлидир Тасаввуф - Аллоҳга ибодат қилиш, Унга ю | САИД ЮСУФ ДОМЛА

Тасаввуф ҳаёт йўлидир

Тасаввуф - Аллоҳга ибодат қилиш, Унга юзланишда энг гўзал даража. Гўзал, бу - эҳсон демакдир. Эҳсон - имоннинг ва исломнинг энг олий даражаси.

Тасаввуф - нафсни поклаш, уни тарбиялаш, руҳни Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурига кўтарилишидан тўсадиган шаҳвоний ҳирслардан нафсни тийиш демакдир.

Тасаввуфнинг пойдевори дунёни қўлга киритиб, унга эгалик қилиб, уни халойиқнинг манфаатига, ер юзининг ободлигига йўналтириб, қалбан ундан юз ўгиришга, дунёга нисбатан зоҳид бўлишга барпо қилинган.

Бизлар яшаётган жамиятда моддий ҳаётимиз инсоннинг шаҳвоний ҳирсларини жумбушга келтириб, ҳойу ҳавасга ундаб, инсониятни бу коинотда энг оғир гуноҳларни қилишга, инсоният, наботот, ҳайвонот ва жамодотларнинг ҳаққини поймол қилишгача олиб бормоқда. Дунёни остин-устун қилиш билан пўписа қилишга ўтдик. Натижада, моддийликнинг туғёни руҳни эзиб, уни заифлаштирди, ақл ва тафаккурни шахсий ғаразлар ва манманлик бошқара бошлади.

Тасаввуф ҳозирги замонимизда ҳаётимиздаги мана шу бузилган ўринларни ислоҳ қилиш билан шуғулланади. У инсониятга хизмат қилиш, унинг тирикчилик йўлларини осонлаштириш, унга охиратини кўрсатиш, раббисига қайтишини эслатиш учун ҳам ўзгалар билан яқинлашиш чораларини оширади. Аллоҳга ва охират кунига бўлган имон инсонни аввало, ўзига эҳсон қилишга, уни тўғрилашга, муҳофаза қилишга ундайди. Шунингдек, ўзгаларга ҳам эҳсон қилишга, уларга наф етказишга, улардан зарарни даф этишга ундайди.

Тасаввуфни инкор қилган, унга қарши курашган, умматнинг ёшларини, эркагу аёлини очиқ залолатга бошлаган адашган тоифалар мусулмон ва мусулмон бўлмаган юртларда вайронкорликни ёйдилар. Оғир жиноятлар содир этиш орқали дунёга исломни ёмон суратда кўрсатдилар.
Бас, у ҳорижийлардан тарқаган тоифалар қилаётган ноъмақул ишларини тўхтатиш вақти келди. Фасод қилганларини ислоҳ этишга навбат бермоқлари вақти етди. Исломнинг бағрикенглиги, буюклиги, раҳмат ва мўътадиллигига қайтмоқлик, халойиқни ҳидоятга чақирмоқ, уларга соф динни, гўзал шариатни ўргатмоқ фурсати етди.

(Али Жумъа).
@Yusuf_Said