Get Mystery Box with random crypto!

Перевалдаги бургутчи тадбиркорнинг масаласи нима учун бу қадар | YURISTKADR

Перевалдаги бургутчи тадбиркорнинг масаласи нима учун бу қадар долзарб?

Бургутчи тадбиркор, яъни Маткомилов Амон ака, Қамчиқ довонининг энг юқори нуқталаридан бирига “бир зумда” кафеси, хожатхона ва шунга ўхшаш қурилмаларни қурган ва албатта, туман ҳокимининг қарори асосида.
Энди, бу объектлар яқинда бузиб ташланиши мумкин, чунки Олий суд тадбиркорга ер ажратиш ҳақидаги ҳоким қарорларини ўйлаб ўтирмай ғайриқонуний деб ҳисоблади.

Хўш, бу муаммодан жабр чекадиган фақатгина Амон аками? Агар жабрдийда фақатгина шу инсоннинг ўзи бўлса, биргина одам, биргина оила учун шунчалик жон куйдириш шартми, ёки “тили қисиқ” жойларинг борми деётгандирсиз?

Йўқ, аслида бу ерда масала бутунлай бошқача, муаммонинг қамрови шу қадар кенгки, агар ана шу бургутчи тушган расво амалиёт кенг миқёсда ишлаб кетса борми, минглаб тадбиркорлар, юз минглаб инсонларнинг тақдири жар ёқасига келиб қолиши мумкин. Ҳозир буни тушунтиришга ҳаракат қилиб кўраман.

Хуллас, бургутчи қурган қурилмалар, перевалдаги йўлнинг ўқ чизиғидан 18 метр оралиқда жойлашган экан. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўллари минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш қоидалари”нинг 22-бандига кўра: умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун хавфсизлик минтақаси (қизил чизиққача бўлган масофа) 1 ва 2 — тоифадаги автомобиль йўллари бўйича қурилиш учун ажратилган ер тасмаси чегарасидан — 25 метр қилиб белгиланган.

Қоидаларнинг 26-бандида эса ана шундай хавфсизлик минтақаларида автомобиль йўллари ва кўчаларни, улардаги сунъий иншоотларни сақлашга ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга тааллуқли бўлмаган бошқа бино ва иншоотларни қуриш таъқиқланиши белгиланган. Тушуняпсизми, бургутчига автомобиль йўли чизиғидан 18 метр оралиқда ер ажратилган, лекин мутасадди ташкилотлар, “йўқ, 25 метрдан кейин бўлиши керак эди” деяпти. Шу сабабли, бу қурилмалар ноқонуний қурилган ва хавфсизлик минтақасидаги ҳудуддан нотўғри ер ажратилган дейилмоқда.

Ана энди кўз олдингизга келтиринг. Ўзбекистонда ана шу бургутчига ўхшаб, 1 ва 2 — тоифадаги автомобил йўллари бўйига (25 метр ичкарида) қурилган қанчадан-қанча объектлар бор? Республика бўйлаб буни тасаввур қилиб кўринг, неча минглаб тадбиркорлар қурган ошхона ва кафелар, неча минглаб дўконлар, мехмонхоналар, намозхоналар, уй-жойлар, неча минглаб хизмат кўрсатиш бинолари ва қурилмалари бор? Уларнинг ортидан қора қозони қайнаётган ўн минглаб, юз минглаб инсонлар бор эмасми?

Тунов куни, Хуршид Далиев билан водийдан қайтаётиб, Намангандаги ўша машхур патирчилар олдида тўхтадик. Қаранг, уларга ҳам “хужум” бошланибди. Патир, қурт ва бошқа майда-чуйдалар сотиладиган дўконларни буздириш ишлари ҳам бошлаб юборилибди, дўкон эгаларининг иштирокисиз судларнинг қарорлари ҳам чиқибди. Сабаби, патир дўконлари ҳам юқоридаги каби 25 метрлик минтақа ҳудудида қурилганмиш.

Шунга ҳозирданоқ қўрқяпманки, юқоридаги амалиёт яқин вақтларда бутун республика бўйлаб жорий қилинишини ҳисобга олсак, бизга навбатдаги “снослар” ва қора кунлар хавфи яқинлашиб келмоқда.

Биласизми, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаган ёки тайёрлашда иштирок этган амалиётчи юрист сифатида, ана шу 342-сонли қарордаги “25 метр” деган чекловлар бирор-бир илмий таҳлилга ёки аниқ бир эксприментга асосланганига ишонмайман. Лойиҳани тайёрловчилар ўшанда бу рақамни шунчаки, тахминан, ўйлаб ўтирмасдан ёки фол очгандек босиб юборган бўлса керак деган фикр келяпти.

Менимча, ҳозир энг маъқул йўли Вазирлар Маҳкамасининг 342-сонли қароридаги хавфсизлик минтақаси сифатида белгиланган 20 ва 25 метрлик чекловларни қайта кўриб чиқиш керак. Юз минглаб инсонларнинг тақдири учун бундай ўзгаришларни амалга ошириш мумкин ва бу адолатли ҳам бўлар эди.

@yuristkadr