Get Mystery Box with random crypto!

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тезкор баёнот берди. | YURISTKADR

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати тезкор баёнот берди.

Айтишича, вазирликда бугун бўлиб ўтган танқидий йиғилишдан сўнг, марказий аппаратдаги 40 фоиз ходим ишдан бўшатилибди.

Вазирлик бу баёноти билан менинг тахминимни, яъни ходимларни ҳақиқатдан ҳам ноқонуний бўшатилганлиги ҳақидаги фаразларимни ўзлари билиб-билмаган ҳолда тасдиқлабди. Нимагалигини тушунтириб бераман.

Агар ўша 40 фоиз ходимдар ҳақиқатдан ҳам айбли ёки интизомга ҳилоф равишда ҳаракат қилган бўлганларида, улар билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 3 ёки 4-банди билан, яъни меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабаби билан бекор қилинар эди.

Лекин, ходимларни бу асос билан ишдан бўшатиш осон эмас, бунга бир ёки икки кун етмаслиги аниқ, сабаби, ўртада камчиликларни актлаштириш, ходимлардан ёзма тушунтиришлар олиш, касаба уюшмаси розилигини олиш ва ходимларни 3 кун олдин огоҳлантириш деган процедуралар бор.

Демак, ўша 40 фоиз ходимлар иш берувчининг ташаббуси билан – МК 100-модда билан ишдан бўшатилмагани, аксинча, улар “ўз аризалари” билан ишдан бўшатилганлиги янада ойдинлашмоқда.

Биз доим айтиб келамиз, ходимларнинг аризасига асосан ишдан бўшатишда, ариза ўша ходимларнинг ўзлари томонидан, ихтиёрий равишда ва уларнинг хохиш-истаклари асосида берилади. Иш берувчи томонидан мажбуран ариза олиб ишдан бўшатиш, ҳар қанақасига ҳам ноқонуний бўлади ва судда бундай буйруқлар албатта “синади”.

Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратидаги бугунги ишдан бўшатишлар масаласида қарши позициямиз янада тиниқлашди.

Бехзод Мусаев тизимдаги “тозалаш” ишларига қаттиқ бел боғлагани ҳақиқатдир. Лекин, вазир ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат эканлигини, меҳнат ҳуқуқлари доимо қонун ҳимоясида бўлишини, ҳеч қандай амалдор қонунлардан устун бўла олмаслигини унутмаслиги керак эди.

Масалан, аҳоидан келаётган шикоятларга, марказий аппаратда ишлайдиган фаррошлар ёки бошқа техник ходимларнинг нима алоқаси бор, улар нима учун бўшатилиши керак? Умуман шанга ўхшаш саволлар кўп. Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари учун кураш темпини бироз кўтарамизда энди.

@yuristkadr