Get Mystery Box with random crypto!

Диний ташкилотлардаги меҳнат жараёнининг ўзига ҳос ҳусусиятлар | YURISTKADR

Диний ташкилотлардаги меҳнат жараёнининг ўзига ҳос ҳусусиятлари ҳақида.

Диний ташкилотлардаги меҳнат муносабатлари ўзига ҳос. Айниқса, улардаги ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақти масаласида.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига асосан, диний ташкилот деганда:

фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган;

биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш мақсадида ташкил этилган;

даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган;

ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган кўнгилли бирлашмаси тушунилади.

Диний ташкилотларнинг асосий фаолият мақсади фуқароларнинг биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажаришига қаратилган. Шундай экан, улардаги меҳнат ҳусусиятлари ҳам, хизматчиларнинг меҳнат фаолияти ва меҳнат вазифалари ҳам, уларнинг иш вақти ва дам олиш вақти ҳам шубҳасиз, ана шу мақсадлардан келиб чиқиб белгиланади.

Ислом динига эътиқод қилувчи биз мусулмонлар ибодат қиладиган масжидларни олайлик. Имомларимиз, имом-нойибларимиз ва бошқа диний хизматчилар мўмин-мусулмонлар бирга жамоа бўлиб ўқийдиган 5 вақтлик намоз пайтида доим ҳозиру-нозирлар.

Демак, уларнинг иш вақти режимини бошқа меҳнаткашлар каби одатий тартибда белгилаш мумкин эмас. Улар ҳудди сизу-биздек хафтада 5 ёки 6 кун, ҳар куни соат 9.00 дан 18.00 гача бўлган режимда ишламайдилар, асло бундай бўлмайди.

Аксинча, уларнинг кунлик ва хафталик иш вақти режимини ва дам олиш вақтларини 5 вақт намоз ўқийдиган пайтга мослаган ҳолда ташкил қилиш тўғри бўлади. Тушунган бўлсангиз, диний муассасалардаги, масжидлардаги фаолияти бевосита ибодат билан боғлиқ бўлган ходимларнинг ишини мослашувчан иш режими асосида ташкил қилиш ҳақида гапиряпмиз.

Бунга қонуний имкон борми? Албатта бор. Меҳнат кодексининг 120-моддасига асосан:

... иш вақти режими (кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, ишдаги танаффуслар вақти, сутка давомидаги сменалар сони, иш кунлари ҳамда ишланмайдиган кунларнинг навбат билан алмашиниши, ходимларнинг сменадан сменага ўтиш тартиби) корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа локал норматив ҳужжатлар билан, бу ҳужжатлар бўлмаганда эса, — ходим билан иш берувчининг келишувига биноан белгиланади.

Яъни, меҳнат фаолияти ибодат ва эътиқод амалларини бажариш билан боғлиқ бўлган хизматчиларнинг кунлик ва хафталик иш вақти режимини диний амаллар ўтказиладиган вақтга мослаган ҳолда белгилаш керак.

Бундай мослашувчан иш тартиблари (иш вақтлари) диний ташкилотларнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, бошқа ички локал норматив ҳужжатларида ёки бўлмасам, хизматчилар билан тузилган меҳнат келишувларида акс этмоғи лозим.

@yuristkadr