Get Mystery Box with random crypto!

Мослашувчан нормаларнинг аҳамияти қандай? Бир хафталар аввал | YURISTKADR

Мослашувчан нормаларнинг аҳамияти қандай?

Бир хафталар аввал қизиқ бир савол келиб тушганди: “Мослашувчан қонун ҳужжатларининг давлат бошқарувидаги аҳамияти қандай?
Савол эгаси савол мазмунидан давлат бошқарувида норма ижодкорлиги билан ишлайдиган малакали юрист бўлсалар керак, саволни такроран юборибдилар. Мени синамоқчи эканликларини тушундим. Фикримни ўз амалиётимда ишлаб чиқилишида ўзим ҳам иштирок этган бир ҳужжат мисолида тушунтираман.

2018 йил 3 октябрда Президентнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3956-сонли қарори қабул қилинди. Қарорнинг 5-иловаси билан тасдиқланган туман инспекцияларининг намунавий тузилмасига кўра, туман ва шаҳарларда қуйидаги йўналишдаги инспекторлар фаолият юритиши белгиланди:

1. Биохилмахиллик ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар бўйича инспекторлари;
2. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича инспекторлари;
3. Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш давлат инспекторлари;
4. Чиқинди соҳасини назорат қилувчи инспекторлар.

(Айни вақтда, бу инспекторлар ушбу ҳар бир йўналиш бўйича ўртача 2 тадан ишламоқда, менимча).

Бир қарашда, ҳаммаси жойида ва ўз ўрнида. Лекин, ҳозирги даврда экологик муаммолар бир жойда турмайди ва бир хил ҳолатда бўлмайди, улар доим ўзгарувчан бўлади. Ҳар бир ҳудуднинг табиий ҳусусияти ва экологик ҳолати ҳам турлича бўлиши мумкин. Қаердадир, масалан тоғли ва яшил ҳудудларда асосий эътиборни биохилмахилликка, ўсимлик ва ҳайвонот оламига қаратиш керак бўлса, бошқа бир саноат зоналарида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга кўпроқ аҳамият бериш зарур бўлади. Ёки аҳоли жуда зич бўлган ҳудудларда чиқинди соҳасидаги қонунбузарликлар кўп бўлади.

Муаммо шундаки, чиқинди соҳасидаги инспектор, ноқонуний дарахт кесилиши бўйича назорат тадбирини ўтказа олмайди, ёки атмосфера назоратига масъул инспектор сув ва ер ости бойликлари муҳофазасига оид рейдларда расман қатнаша олмайди. Бунинг салбий томонларидан бири шуки, масалан, бир жойда 5-10 та дарахт кесилаётган бўлса, бунинг устидан чиқиб қолган чиқинди назорати инспектори қонунбузарларга чора кўриш учун биохилмахиллик инспекторини чақириб, уни кутиши керак бўлади. Ҳуқуқбузарлар эса, бу вақт ичида жавобгарликдан қутулиб қолишга ҳаракат қилиши мумкин.

Хўш, бу вазиятда нима чора кўриш керак? Давлат бошқаруви функциясини вазиятга мослаштириш керак ва бунинг учун қонун ҳужжатида мослашувчан нормалар бўлса, улардан унумли фойдаланиш зарур.

Ҳа, айнан шундай. Юқорида биз келтирган ПҚ-3956-сонли Қарорда бошқарувни мавжуд вазиятга мослаштириш имконини берадиган қоида бор. Қарорнинг 4-бандига асосан Давлат экология қўмитаси раисига: зарур ҳолларда, қўмитанинг ҳудудий органлари тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилган.

Демак, Давлат экология қўмитаси раиси ўзининг ички буйруғи билан, Президент Қарори билан тасдиқланган туман, шаҳар инспекциялари тузилмасини қайтадан кўриб чиқиши, ҳудудларнинг экологик ҳолатидан келиб чиқиб, маълум йўналишдаги инспекторларни қисқартириш ҳисобига бошқа йўналишдаги (масалан, биохилмахиллик бўйича ва чиқинди назоратидаги) инспекторлар сонини ошириши мумкин (ходимларни бўшатишга ҳам ҳожат қолмайди). Майли ичимдаги гапни айтаман, бунда хатто туман инспекцияларидаги йўналишларга бўлиниш тартибини бекор қилиб, барча инспекторларга универсал фаолият юритиш ҳуқуқини ҳам бериш мумкин.

Мослашувчан нормаларнинг давлат бошқарувидаги аҳамияти шу каби амалиётларда ҳам кўриниши мумкин, ДЎСТИМ.
Бу масаланинг амалий жиҳати. Мослашувчан нормаларнинг назарий қисмига яна алоҳида тўхталамиз, ҳали.

@yuristkadr