Get Mystery Box with random crypto!

СУД КАЗУСИ (ХОДИМНИ ИШГА ТИКЛАШ НИЗОСИ БЎЙИЧА) Мавжуд низоли | YURISTKADR

СУД КАЗУСИ (ХОДИМНИ ИШГА ТИКЛАШ НИЗОСИ БЎЙИЧА)

Мавжуд низоли вазият.

Иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра деган сабаб билан, Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига асосан бекор қилди.

Орадан бир ой ўтар-ўтмас ходим фуқаролик судига даъво ариза бериб, иш берувчининг буйруғидан норози эканлигини билдирди ва суддан ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилишни, уни ўз ишига тиклашни ҳамда мажбурий прогул даври учун иш ҳақи тўлови ҳамда етказилган маънавий зарарни иш берувчидан ундиришни сўради.

Ходимнинг даъво аризасидаги асосий важлари.

Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш тўғрисидаги иш берувчининг буйруғи ноқонуний. Сабаби ўртада ҳеч қандай келишув бўлмаган, у ҳеч қандай келишув битимига имзо қўймаган. Ходим иш берувчининг босими ва қистови билан ариза ёзган. Унинг ўрнига иш берувчи бошқа ходимни қўймоқчи бўлганлиги учун, ундан Ходимлар бўлими орқали ариза сўраган. Ходим ўз аризасида ишдан бўшаш санасини кўрсатмаган, шундай экан, қандай қилиб, меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси бўйича келишув бўлиши мумкин.

Иш берувчи вакилининг даъво аризасига нисбатан эътирозлари.

Ходим қонуний бўшатилган. Иш берувчи ходимни ариза ёзишга мажбурламаган, аксинча ишдан бўшаш масаласини таклиф қилган, шундан сўнг ходим ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб берган. Ходимнинг ушбу аризаси Кадрлар бўлимида рўйҳатга олинган ва аризага иш берувчи тегишли тартибда виза қўйган, бу тарафлар ўртасида ўзаро келишув бўлганлигини билдиради.

Суд ҳал қилув қарори.

Суд ушбу даъво ишини атрофлича ўрганиб, тарафларнинг барча важларини эшитиб қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига кўра, меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига кўра, исталган вақтда бекор қилиниши мумкин.

Мазкур қоидага биноан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун иккала тарафда ҳам хохиш ва розилик аломати бўлиши керак ва бу ҳохиш аниқлик асосида ҳужжатлар билан, шу жумладан тарафларнинг келишуви билан тасдиқланган бўлиши керак.

Суд даъвогар ходимни ишдан бўшаши масаласида иш берувчида ҳохиш-истаги мавжудлигини тўғри англайди, бу биргина унинг буйруғи билан тасдиқланмоқда, бироқ бу вазиятда бирор бир ҳужжатда ходимнинг меҳнат шартномани бекор қилиш учун ҳоҳиш ва истагига оид факт кўринмайди.

Ходимнинг ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасига келсак, унда даъво аризасида кўрсатилганидек, ишдан бўшаш санаси кўрсатилмаган, демак меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси борасида, ҳақиқатдан ҳам, ҳеч қандай келишувга эришилмаган.

Бундан ташқари, суд меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги тарафларнинг келишуви деганда:

биринчи вариант сифатида, айнан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида иш берувчи ва ходим томонидан имзоланган келишув деб номланган ҳужжатни;

иккинчи враиант сифатида, ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризасига иш берувчи томонидан қўйилган “розилик” мазмундаги муносабатни ва ушбу муносабатни тасдиқлаган визаси (имзоси)ни тушунади.

Бироқ, ушбу низоли ишда тарафлар ўртасида келишув тузилмаган, ходимнинг ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини эса келишув деб қабул қилиб бўлмайди, сабаби ушбу аризадаги иш берувчининг визасида “Кадрлар бўлимига, ўрнатилган тартибда кўриб чиқинг ва таклиф беринг” деган мазмундаги муносабат ёзилган.

Бу ёзма муносабатни эса суд иш берувчининг розилик муносабати сифатида, якунда эса иш берувчининг келишуви деб қабул қила олмайди.

Якунда суд иш берувчининг буйруғини ноқонуний деб топиб, уни бекор қилиш, ходимни ўз ишига тиклаш, иш берувчидан ходим фойдасига мажбурий прогул учун 4.500.000 сўм, етказилган маънавий зарар учун 1.650.000 сўм миқдоридаги маблағларни ундириш тўғрсиида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Каналимизга уланинг @yuristkadr.