Get Mystery Box with random crypto!

Тафтиш шикоятидан парча: суднинг даъво муддатини қўллаш ҳақида | YURISTKADR

Тафтиш шикоятидан парча: суднинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги тўхтамига эътироз.

...

Бешинчидан. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишга тиклаш масалаларига оид Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сонли қарорининг 8-бандида “бунда судларнинг эътибори мазкур муддатни қўллаш ҳақидаги ариза ёзма берилиши ёки оғзаки равишда арз қилиниши мумкинлиги, аризанинг оғзаки билдирилганлиги суд мажлисида муҳокама қилиниши ва бу ҳақида суд мажлиси баённомасида кўрсатилиши лозимлигига қаратилсин” дейилган.

Бунга кўра, агар даъво муддати тарафлар даъво муддатини қўллаш ҳақида ёки ёзма, ёки оғзаки равишда мурожаат киритишлари лозим. Биринчи инстанция суди давомида жавобгар вакиллари даъво муддатини қўллаш ҳақида ёзма равишда ариза киритган. Бироқ, кейинчалик жавобгар вакилларига берилган ишончнома ўрганилганда, уларга судга ариза ёки илтимосномалар билан мурожаат қилиш ваколати берилмаганлиги аниқланди. Ишончномада вакилларга шунчаки, судда иштирок этиш ваколати берилганлиги кўрсатилган ҳолос.

Ваҳоланки, ФПКнинг 69-моддасига асосан шартнома бўйича вакиллик қилувчининг арз қилинган талаблардан тўлиқ ёки қисман воз кечиш, уларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъвогарнинг талабларини тан олиш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишув тузиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, аризаларни имзолаш, ижро варақасини ундирувга тақдим этиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулларни олиш ваколати ҳар бир алоҳида ҳолда ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак.

Яъни, бу қоидага кўра суд иши юзасидан судга тақдим этиладиган аризаларни имзолаш ваколати ҳам ишончномада кўрсатилиши керак бўлади.

Бироқ, жавобгар вакилларига берилган ишончномада аризаларни имзолаш ваколати берилмаган бўлсада, биринчи инстанция суди уларнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги аризасини қабул қилиб, бизнинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво талабимизни асоссиз равишда рад қилган.

Афсуски, апелляция суди ҳам бизнинг биринчи инстанция суди томонидан даъво муддатини қўллаш ҳақидаги тўхтам хато бўлганлиги ҳақидаги важларимизни эътиборга олмади.

...

@yuristkadr