2022-08-31 10:16:15
#zamonamiz_qahramonlari
“ЎҚУВЧИЛАРИМНИНГ БАРИНИ ЎЗ ФАРЗАНДИМДЕК ЯХШИ КЎРАМАН”
Урганч шаҳар 5-сонли мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Баҳром Қурамбаев 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида таълим соҳасида обрў-эътибор топиб меҳнат қилиб келмоқда.
- Таълим муассасамизда мингдан зиёд ўғил-қиз билим олади, - дейди Баҳром Қурамбаев, - уларнинг барини ўз фарзандимдек яхши кўраман. Ўқитувчилик касбига меҳрим баландлиги ҳам аслида шундан. Оиламизда отам, шунингдек, тадбиркор акамдан ташқари 7 нафаримиз ҳам умримизни шу касбга бахшида қилганмиз.
Ўқувчиларнинг етук шахс бўлиб камол топишида эркак муаллимларнинг роли беқиёс. Аммо ўтган даврлар мобайнида ойлик маошнинг камлиги сабаб мактабларда эркак ўқитувчилар камайиб кетганди. Бироқ Бахром Қурамбаев ҳар қандай шароитда ҳам таълим даргоҳини тарк этмади.
- 1989 йилдан бугунги кунгача бошланғич синфларда тўққизинчи синфимни чиқараяпман. Шу вақт оралиғида жами 450 нафардан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия бериб келяпман. Ўқувчиларимнинг 250 нафаридан ортиғи олий таълим муасасаларини битказиб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, - дея фикр билдирди устоз.
Хусусан, собиқ ўқувчилари Бунёдбек Юлдашев Англияда, Улуғбек Худайберганов Германияда, Икромбек Жуманиязов Кореяда, Сарварбек Саъдуллаев Москвада, Зубайда Балтаева Сингапурда хорижий давлат университетини тугатиб, ҳозирги кунда нуфузли давлат ташкилотларида фаолият олиб бормоқдалар.
Бу йил 4-синфни тугатган ўқувчилари ҳам ўз кучи ва билими билан ўзларига муносиб таълим даргоҳларида таҳсил олишни давом эттирадилар. Хусусан, ўқувчиси Моҳирахон Улуғбекова Хива шаҳридаги Президент мактабига, Гўзалхон Саидова Қарши шаҳридаги Президент мактабига, Гулзода Вапаева Шовот тумани Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатига, Моҳинур Отаназарова Урганч шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 5-синфига ўқишга қабул қилиндилар.
Ўқувчиларнинг эришган ютуқларида устознинг ўрни буқиёсдир.
Мактаб ўқитувчилари ҳам устоз тўғрисида “Мактабимизнинг устуни, фахри ва таянчи, барчанинг маслаҳатгўйи” деб таърифлайдилар.
Хоразм вилояти халқ таълим бошқармаси Матбуот хизмати
Telegram/Youtube/Facebook/Instagram
1.4K viewsedited 07:16