Get Mystery Box with random crypto!

«Хоразм»да мавсумнинг энг яхши футболчиси ким? Мухлислар ўрта | XORAZM FK muxlislari

«Хоразм»да мавсумнинг энг яхши футболчиси ким?

Мухлислар ўртасида ўтказилган сўровномада ҳужумчи Ҳурматбек Йўлдошев мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилибди. Қизиқ, мавсум давомида асосан захирада ўтирган ва чемпионатда атиги 2та гол урган футболчи қандай қилиб энг яхши бўлиши мумкин?

Ҳурматбекка ҳеч қандай эътирозимиз йўқ, уни ғалаба билан табриклаймиз ва муваффақият тилаймиз. Бироқ, мавсумни ундан ҳам яхши ўтказган футболчилар таркибда бор эди. Шулар ҳақида мулоҳаза юритамиз.

Бу «Хоразм» клуби учун оғир мавсум бўлди. Жамоа Про-Лигадаги ўрнини зўрға сақлаб қолди. Бундай вазиятда энг яхши футболчини ажратиб кўрсатиш ҳам осон бўлмайди.

«Хоразм» таркибида ҳужумчи Сардор Матмуратов 5та гол билан энг яхши тўпурар бўлди. Бундан ташқари, «Зомин»га қарши ўйинда айнан Сардорнинг голи ҳал қилувчи аҳамият касб этиб, жуда муҳим ғалабани келтирди. Уни бемалол мавсумнинг энг яхши футболчиси дейиш мумкин. Аммо ҳужумчимиз ҳали ўз устида кўп ишлаши, ўсиши керак, айниқса вазиятлардан унумли фойдаланиш борасида.

Сарвар Жуманиязов мавсумнинг иккинчи қисмида «Оқтепа»дан «Хоразм»га қайтди. У 5та гол урган бўлса-да (2таси пенальтидан), мавсумни текис ўтказа олмади. Баъзан кичик жароҳати билан ўйнади. Агар Сарвар мавсумни тўлиқ «Хоразм»да ўтказганида балки энг яхши футболчи бўлиши ҳам мумкин эди.

Фарруҳ Ҳайдаров – жамоа мотори, плеймейкери учун ҳам мавсум текис бўлмади. Аммо «Хоразм»нинг қуйи лигага тушиб кетмаслигида унинг хизмати салмоқли бўлди. Дамир Низанов (3та гол) ҳам баъзи ўйинларда ўзини яхши намоён эта олди, муҳим голларни урди.

«Хоразм» етакчиларидан бири Жасур Атажанов мавсумни яхши ўтказди. Ҳатто 3та гол уришга муваффақ бўлди. Ҳимоячи учун жуда яхши кўрсаткич. Жасур таркибдаги ёшларга ҳам бу борада яхши ўрнак бўлмоқда.

Темур Бекчанов бу мавсумда атиги 3та гол урди. У мавсумнинг охирида «уйғонди». Умид қиламизки, у кейинги мавсумда бундан ҳам яхши сермаҳсулликни намойиш этади.

Афсуски, бу мавсумда янги кашфиётларни кўрмадик. Ёш футболчилардан ҳеч ким ўзини ёрқин намоён эта олмади. Уларга кўп имконият берилмади, чунки «Хоразм» аксарият ўйинларда натижа учун ўйнади. Таваккал қилишга имкон оз эди.

«Хоразм» ФК янгиликлари - @xorazm_fk