2022-12-27 05:37:31
ЖИНЛАР ВА ШАЙТОНЛАР ОРАСИДАГИ ФАРҚЛАР
Жинлар ва шайтонлар орасидаги фарқлар ҳақида “Ақидатул муъмин” китобида қуйидагилар ёзилган: “ Жинлар икки турли бўлади:
1. Шайтонлар. Буларда ҳеч қандай яхшилик бўлмайди;
2. Жинлар. Булар орасида солиҳлари ҳам, ёмонлари ҳам бўлади.
Жинларнинг ҳолати инсонларга ўхшаш бўлиб, улар орасида хушфеъллари ҳам, бадфеъллари ҳам, мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади.
Шайтонлар аслида жинларнинг вакиллари ҳисобланади.
Зеро, иблиснинг жинлардан бўлгани Қуръони каримда хабар берилган:
“Эсланг, (Эй Муҳаммад!) Фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан сажда қилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйин сунишдан бош тортди”.
Каҳф сураси, 50-оят.
Шайтон илоҳий раҳматдан қувилиб, барча яхшиликлардан кесилгач, мазкур ишлар унинг зурриётларига ҳам мерос бўлиб ўтган. Шунинг учун шайтонларда асло яхшилик бўлмайди, улар фақат ёмонликни биладилар ва доим ёмонликка чақирадилар. Буларнинг ҳолатига илон анча яқин мисол бўла олади. Яъни илондан фақат илон туғилади, илон насли борки, барчаси доим заҳар солиш пайида бўлади. Худди шу сингари, шайтонлардан ҳам фақат шайтонлар туғилади, шайтон насли борки, доим одам болаларини йўлдан уриш пайида бўлади.
Шунингдек, аслида шайтон бўлмаган жин ва инсонлар ҳам ифлос ишларни қилишлари ва туғёнга кетишлари сабабли шайтонга айланиб борадилар.
Шайтонга айланганларининг ашаддийлари “Марид” дейилади, янада бундан ҳам ортиқ туғёнга кетганлари “Ифрийт” деб номланади.
Шайтонларнинг васваса қилишлари ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Шунингдек, ҳар бир пайғамбарга инсу жиннинг шайтонларини душман қилиб қўйдик. Улар алдаш мақсадида сохта хушсуханлик билан бир-бирларига васваса қиладилар”.
Анъом сураси, 112-оят.
Ушбу оят шайтонларнинг инсонлардан ҳам, жинлардан ҳам бўлишига далолат қилади. Жинларнинг турли бўлиши ҳақида эса уларнинг тилидан ҳикоя тарзда шундай хабар берилган:
“Ва албатта, биздан солиҳлар ҳам ва бошқалар ҳам бор. Турли гуруҳлар бўлган эдик”.
Жин сураси, 11-оят.
Ушбу оятда эса жинларнинг ораларида солиҳлари ҳам бўлиши баён қилинган”.
"Эътиқод дурдоналари" китобидан.
https://t.me/Ulugnorboshmasjid
71 views02:37