Get Mystery Box with random crypto!

Кредитларнинг қарийб ярми пойтахтда ўзлаштирилган: ҳозирги Ўзб | bakiroo

Кредитларнинг қарийб ярми пойтахтда ўзлаштирилган: ҳозирги Ўзбекистонда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас

Тенгсизлик ва фарқларнинг ошиб бораётгани ҳақида кўп ёзамиз. Чунки бу шахсан мени қўрқитади. Ўзбекистондаги тенгсизлик барча кесимларда ортиб бормоқда: бойлар ва камбағаллар, марказ ва вилоятлар, шаҳар ва қишлоқлар, эркак ва аёллар ўртасида, вҳк.

Бу йилдан бошлаб Марказий банк кредитларининг ҳудудлар қирқими тўғрисида маълумот бера бошлади. Ўзи бусиз ҳам ҳудудлар қирқимида концентрация ўта юқори. Лекин 2021 йил давомида бу кўрсаткич яна фақат ошиб борди.

1 декабрь ҳолатига кредитларнинг 48,9%и Тошкент шаҳрига тўғри келади. Пойтахтнинг улуши йил давомида 1,5 фоиз бандига ошган. Солиштириш учун, Қорақалпоғистон ҳиссасига жами кредитларнинг атига 2,6%и тўғри келади, Пойтахтдан қарийб 20 баробар кам. Эътиборлиси, Қорақалпоғистон ва бошқа депрессив вилоятларнинг улуши фақат камайиб бормоқда.

Бу билан кредитларни ажратишни тўхтатиб Қорақалпоғистон ё Сурхондарёда беришни бошлаш керак демоқчимасман. Шунақа аҳмоқлик ўтган даврда ростанам кузатилган, банкларга пойтахтда филиал ё мини банк очишга рухсат берилмасди. Вилоятларга кредит ажратиш режаси маъмурий йўл билан баландроқ бўларди. вҳк. Бу нотўғри йўл.

Биз сигналларни тўғри ўқишни бошлашимиз керак.

Нега бизнес вилоятларда эмас, Тошкентда кредит олишни маъқул кўради? Балки вилоятлардан бизнес ва пулни қочишига чуқур маъмурий аралашув билан боғлиқ сабаблар бордир. Нега вилоятларда муаммоли кредитлар (NPL) улуши кўпроқ?

Кредитни қўя турайлик, нега омонатчилар ва депозиторлар пулини опкелиб Тошкентдаги банкларга қўйишни маъқул ва хавфсиз деб билади?

Ҳаммаси фақат кучайиб бораётган маъмурий аралашув, босим ва директиваларга бориб тақалмайдими? Масала ўша кўпчилик зерикарли дейдиган мулк ҳуқуқига, унинг ҳимояланмаганига боғлиқ эмасми?

Оддий мисол. Меҳнатга ҳақ тўлаш вилоятларда пойтахтдан 3-4 карра арзон. Нега банклар ё йирик корпорациялар кўп меҳнат талаб қиладиган Алоқа марказларини Фарғонада, ё Қаршида очмайди? Ахир бино ижараси ҳам арзон бўлса?

Чунки вилоятларда қайсидир компаниянинг алоқа маркази иш бошласа, эртасига ҳокимиятдан топшириқ келиб тушиб туради. Юклама, Харажат ёки Ноқонуний иш билан боғлиқ. Эшагидан тушови қимматга тушади.

Шунинг учун бу рақамлардан ҳайрон бўлмаслик керак.

@the_bakiroo