Get Mystery Box with random crypto!

2021 йил ўзбек банклари учун даромадлилик энг паст бўлган йил | bakiroo

2021 йил ўзбек банклари учун даромадлилик энг паст бўлган йил бўлиб қолади

Йил якунланишига бир ой қолганида, энди ишонч билан айтиш мумкинки, 2021 йил ўзбек банклари учун даромадлилик бўйича энг ёмон йил бўлиб қолади.

Соф фойданинг жами капиталга нисбати (ROE) 1 декабрь ҳолатига 9,9%ни ташкил этган, декабрь ойи энг харажатли ва қайта баҳолашлар, таснифлашлар амалга ошириладиган ой экани инобатга олинса, 1 январь ҳолатига бу кўрсаткичнинг яхшиланиши эҳтимоли жуда паст.

Солиштириш учун, ўзбек банк тизими 2019 йилни 16,73%, 2020 йилни эса 10,3% рентабеллик билан якунлаган.

Ўзбек банклари даромадлилиги пасайиши асосий омиллари учта.

Биринчиси, активлар сифатининг ёмонлашиб бораётгани ва сифатсиз активлар бўйича йўқотишларга қарши улкан захиралар яратилаётгани. Агар бутун 2020 йил давомида 7,2 трлн.сўм захира яратилган бўлса, 2021 йилнинг 11 ойида 9,7 трлн.сўм захирага йўналтирилган. Солиштириш учун: Ўзбекистон ва банклар учун охирги тўқ йил 2019 йилда қарийб 2,5 баробар кам - 4,1 трлн.сўм захира шакллантирилган.

Иккинчиси, маржиналликнинг тушиб бораётгани. 2021 йил давомида банкларнинг кредитлари бўйича фоиз даромадлари депозитлари бўйича фоиз харажатларидан секинроқ ўсди. Бошқача айтганда депозитлар бўйича фоиз ставкалар ўсиши тезроқ юз берди. Натижада соф фоизли даромадларнинг жами активларга нисбати ҳам, соф фоизли маржанинг жами активларга нисбати ҳам пасайиб бормоқда.

Учинчиси, банкларнинг фоизсиз ва операцион харажатлари мислсиз даражада ўсмоқда. Рақамлашиш ва янги технологиялар томон харажат, трансформация жараёнлари, ребрендинг, пиар, чуқур ҳисоб-китобларсиз чакана бозор томон муккасидан кетиш банкларнинг даромадлилик ҳолатига жуда жиддий таъсир ўтказмоқда. Хусусий ва хорижий банкларнинг мисолида уларнинг ўз риски бу. Лекин давлат банкларида дўппини бошдан олиб, бу йўналишдаги харажатлар ўзини қандай оқлади, оқладими ўзи, деган саволларни берадиган вақт ҳам келмоқда.

@the_bakiroo