Get Mystery Box with random crypto!

​​#Муносабат Барчани ҳамжиҳат ва тотув бўлиб яшашга чорлаймиз | "Sog’lom Farg’ona"

​​#Муносабат

Барчани ҳамжиҳат ва тотув бўлиб яшашга чорлаймиз!

Қорақалпоғистон Республикасида содир этилган нохуш воқеалар барча фарғоналик тиббиёт ходимлари юрагини ларзага келтирди. Четда турган айрим ғаразли кучлар қорақалпоқ элини нотўғри йўлларга бошлашга уринганидан афсусландик. Лекин, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ташқи кучларнинг найрангига учмасдан, янада жипслаб, иноқ бўлиб, бир мушт бўлиб олдинга интилишга албатта ишонамиз. Чунки, бизнинг қонимиз, жонимиз бир. Биз бардам, ҳамжиҳат бўлсак, ўртамизга ҳеч ким низо сололмайди.

Қорақалпоғистон Республикасининг бундан 10-15 йилги қиёфасини кўрган, яхши эслайдиган инсонлар шуни таъкидлайдики, кейинги 3-4 йилда Қорақалпоғистон ҳудуди таниб бўлмас даражада ўзгарди. Янгидан-янги тиббиёт масканлари, уй-жойлари, ижтимоий объектлар қад ростлади.
Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва уни ривожлантириш эса давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Денгизнинг қуриган қисмида 1 млн 733 минг гектар ерда яшил майдонлар юзага келди. Бу инсон соғлиги йўлида қилинган жуда катта тарихий воқеа деб биламиз.

Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, инсон қадрини улуғлаш, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва соғлигидир. Қорақалпоғистондаги нохуш воқеаларни қоралаймиз. Барчани ҳамжиҳат ва тотув бўлиб яшашга чорлаймиз!

А.Тўхтақулов,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.