Get Mystery Box with random crypto!

Рамазоним        келмоқда Самолардан дур олиб, Қалбларга ҳуз | Шамсинур ижоди

Рамазоним
       келмоқда

Самолардан дур олиб,
Қалбларга ҳузур солиб,
Яратгандан нур олиб,
Рамазоним келмоқда.

Наврўзнинг кафтларида,
Сумалак тафтларида,
Малаклар сафларида,
Рамазоним келмоқда.

Тозалашга замонни,
Уйғотмоққа виждонни,
Асрамоққа иймонни,
Рамазоним келмоқда.

Меҳр-у оқибат ойи,
Хайр-у саҳоват ойи,
Савобларга энг бойи,
Рамазоним келмоқда

Ҳар кунида ҳикмат бор,
Тунларида ҳислат бор,
Минг  фазилат унга ёр,
Рамазоним келмоқда.

Эътиқод, Сабр  олиб,
"Лайлатул Қадр" олиб,
Кўнгилга ишқин солиб,
Рамазоним келмоқда.

Тайёрмиз-ми, биз унга?,
Файз бериб бу очунга,
Меҳмонга, ўттиз кунга,
Рамазоним келмоқда.

Нурга чулғаб дунёни,
Дилга жойлаб зиёни,
Ойлар ичра султони,
Рамазоним келмоқда.

Ҳурмат қилиб кутайлик,
Рўзаларин  тутайлик,
Бир-биримиз қутлайлик,
Рамазоним келмоқда.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсин,
Кафтлар дуога тўлсин,
Қадами қутлуғ келсин,
Рамазоним келмоқда...

Муножот Каримжон қизи.



@shamsinurijodi