Get Mystery Box with random crypto!

Рауф Парфи: «АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ» Акиф Бағир деган | Sanjar Nazar

Рауф Парфи:

«АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ»
Акиф Бағир деган хокисоргина олим дўстимиз бор. Юқоридаги радифни у Эргаш Жуманбулбулдан олиб, бир ажойиб шеър битган, мен шеърни жуда севардим, очиғи. Давраларда ҳам ўшани ўқиб берардим. Кунларнинг бирида Фарғонадаги бир даврада ўша шеърни ўқийман десам, ёнимда йўқ. Ёддан билмас эдим-да. Сўнг ўтириб, ўзим шунга ўхшаш шеър ёзиб қўяқолдим. Меники бошқачароқ эди, албатта. Кейинчалик ҳам беш-олти нафар шоир шу радифда шеър ёзишган. Шунинг учун ҳам мен уни Акиф Бағирга бағишлаганман.


Ассалому алайкум дорнинг оғочи.
«Кунтуғмиш»дан
Акиф БАҒИРга

КЎНГЛИМ ҚОРОНҒУДИР, ТЕВАРАК ТУТУН,
Ёлғиз бошим узра узилар шамол,
Кўзларимни ғажир аллақандай тун,
Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи? –
Ақлимни ғижимлар яланғоч савол –
Ассалому алайкум дорнинг оғочи.

Туркийлар, айтингиз бизда нима бор?
Бизда бор мутеълик, қуллик, озорлар,
Бизда бор қўллардан кетган ихтиёр,
Манхус кимсаларнинг талон-тарожи,
Ҳайқириб ётибди буюк мозорлар –
Ассалому алайкум дорнинг оғочи.

Туркийлар, айтингиз бизда нима йўқ?
Бизда йўқ иттифоқ, бизда йўқ бирлик,
Оёқ остиндадир инсоний ҳуқуқ,
Бу туркий оламнинг қутлуғ меърожи,
Оёқ остиндадир муқаддас ҳурлик,
Ассалому алайкум дорнинг оғочи.

Ёвузлар кучларин тўплаб шайланар,
Ичи тўла ғазаб, қўлларида тиғ,
Замонлар айланар, осмон айланар,
Она Туркистондир туркларнинг тожи –
Айтингиз, қандайин яшаймиз ортиқ,
Ассалому алайкум дорнинг оғочи.

Нон сўраб келганга жонингни бердинг,
Сендадир матонат, сендадир тоқат,
Қон сўраб келганга шонингни бердинг,
Юртингни бердинг сен қаттол хирожи,
Ўлдирсанг ўзингни ўлдирдинг фақат,
Ассалому алайкум дорнинг оғочи.

Магар оҳинг билан оламни тўлдир,
Тингламас Аллоҳинг нолаларингни,
Ваҳки отангни от, онангни ўлдир,
Эй қора дунёнинг қора муҳтожи,
Бўғизла толесиз болаларингни,
Ассалому алайкум дорнинг оғочи.
1988