Get Mystery Box with random crypto!

БИОМАССА САВОЛ Biomassa (g‘ashimiz kesayam haqiqat afsuski). | Samandar's blog

БИОМАССА

САВОЛ Biomassa (g‘ashimiz kesayam haqiqat afsuski). Bundan chiqib ketish uchun nimalarga ko‘proq kuch sarflashimiz kerak va bunga qancha vaqt ketadi deb o‘ylaysiz?
Rahmat. Ya'ni inson emas, ijtimoiy-siyosiy hayotga befarq, loqayd, ilmni qadrlamaydigan, maddox biologik odamlardan tashkil topgan xalqning asosiy qismi. (Abdulaziz Eshonturayev)

------

ЖАВОБ: Тук, сочларини яхшилаб қириб, кесадиган жойга қуюқ йод суртамиз. Наркоз. Трепанация. Скалпел. Тампон. Нашатир спирти ва қусиш учун тоғора.

Ўзингизни шу биомассадан олиб чиқмоқчи бўлсангиз қуйидагиларни тан олишингиз керак:

1) Биз ақлий меҳнатдан ўзимизни олиб қочамиз, буни жуда ёмон кўрамиз. Ўзимизни мажбурлай олишга ожизмиз. Ўқиш керак бўлса "мухтасар" ("мухтасарнинг мухтасари", "илми толибга енгиллатилган мухтасарнинг қисқартирилган енгил таълифи"), "суратли" китобчаларни қидирамиз (инстаграмни севамиз). Лекин ақлни зўриқтирадиган китоблар, маърузалар, кинолардан ўзимизни олиб қочамиз.

2) Тайёр оммавий стереотиплар ҳукмига ёқмасада осонликча таслим бўламиз. Ёлғизликдан жуда қўрқамиз. Атрофимиздаги ҳудди шундай ёлғизликдан қўрққан конформист биороботлар билан тўдалашамиз.

3) «Бошқа коинотдан тушган ботанлар» устидан куламиз, «одамови» деймиз, бир тийинга олмаймиз. Аммо худди шу шампангқулоқ ботанлар (Билл Гейтс ёшликдаги расмига қаранг) "пардалар" ортидан туриб ҳаммани ўйнатётганлиги ҳаёлимизга келмайди. Айнан ўшалар биороботлар эмас. Сиз биороботсиз. Биз биомассамиз.

4) Кундалик кузатувларимиз ва ўзимиз ҳаётимиздаги зиддиятларни кўрмаймиз. Масалан, ўзбек (тожик, афғон, ҳинди-пок)га ҳос "орзу ҳавас" номли аҳмоқона ижтимоий монстрга қул бўлганмиз. У ҳеч кимни бахтли қилмаган. "Одамлар нима дейди" деб беъманидан бемаъни маросимлар уюштириб юрамиз, уларга қатнаймиз. "Оқибат" деган махлуқ билан қўрқитишади. Бу «Оқибат» тўй ошларга келган қариндош яқинларнинг 98%и бошга қийинчилк тушганда кўринмайди. Судда, ҳоким тепкилаётганда, уйингизни бузаётганда биронтасини топмайсиз. Лекин, тан ҳам олиш керак, ўлганда кўмгани келади.

5) Иккиюзалмачилик ниқоблари бет бетга ёпишиб кетган. Биттасини шилиб олса, кеингиси чатишиб ётган. Ниқоблар устига гримлар суртавериб ҳақиқий юзимизни унутиб қўйганмиз. "Замон талаби" деб ўзимиз ишонмаган нарсани гапирамиз, бир оз вақт ўтиб, ўзимиз унга ишониб қолганимизни пайқамаймиз. Бизни дастурлаш осон.

6) Олий қадриятлар (эркинлик, адолат, тараққиёт, маърифат) фидоийлари бизга "ғалати" бўлиб кўринади. Улар қаттиқ зарбалар еб ётганда "жим юрса бўлмасмиди, нима зарил эди?" деб ташлаб қўямиз. Аммо ҳар қандай тараққиёт ортида шу "ғалатилар" тоифаси турганлигини кўрмаймиз. Уларнинг фидоийлиги истеъмолчиси эканлигимиз ҳеч қачон ҳаёлимизга келмайди.

7) "Сиёсат" сўзидан қўрқамиз. "Минбарда бир гап, ҳаётда бошқа иш" ҳолати биз учун мутлақо нормал. Биоробот шундай дастурланган. Ҳақни талаб қила олмаймиз, талаб қилганларни тарк этамиз. Чунки биоробот учун "ҳақ" йўқ нарса, калтак бор, пул манфаати бор, молдек еб, ичиб кетавериш бор.

8 ) Ижтимоий ҳаёт ўрнини овқатгузаронлик босган. Овқат энг зўр антидпрессантимиз. Қонуний наркотик. Чунки лиқ тўла ошқозон бутун одам қонимизни ўзига тортади. Мияга ҳеч нарса қолмайди. Мия ҳам хурсанд, қорин тўқ бўлганда бош қотиришдан нима фойда?

9) Ижтимоий тармоқларга кирганда узун мақолалар ўқимаймиз. Бизни муаммолар негизини англашдан навбатдаги "қовунлар" билан чалғитиб юбориш осон. Прикол, футбол, жанжал - маънавий озуқамиз.

----

"Биомасса ҳолида қолмаслик учун нима қилай?" деган саволга жавобим қуйидагича

а) Юқоридаги ҳолатларни ўзингизда бор эканлигини тан олинг

б) Зерикарли туюлган, аммо керакли, қийин китоблар ва мақолаларни ўқишга ўзингизни мажбурланг.

в) Сизни биоробот даражасида ушлаб турган асосий омил сизнинг фикрлаш одатларингиздир. Улар сизнинг сўзларингизда ва ишларингизда кўринади. Уларни тутиб олиб, қаттиқ танқидий назар остига олинг.