Get Mystery Box with random crypto!

АЛЛОҲИМ, ҚУДРАТИНГНИ КЎРСАТ Бир овчи ҳалол ризқ истаб, овга | Rapqon Firdavs Masjidi

АЛЛОҲИМ, ҚУДРАТИНГНИ КЎРСАТ

Бир овчи ҳалол ризқ истаб, овга чиқди. Қармоғини ташлаб қўйди, аммо ҳеч нарса илинмади. Шунда овчи Аллоҳ таолога илтижо қила бошлади, чунки уйда болалари очликдан қийналаётган эди. Қуёш ботишига озгина вақт қолганда Аллоҳ таоло унга катта бир балиқни ризқ қилиб берди. Овчи Аллоҳ таолога ҳамд айтди. Балиқни олиб, хурсанд бўлиб уйига жўнади. Шу куни бир подшоҳ ҳам сайр қилишга чиққан эди. Овчини кўриб, унинг олдига келди. Овчининг қўлидаги балиқ подшоҳга ёқиб қолди. У зўрлик қилиб, балиқни тортиб олди-да, қасрига қайтиб кетди. Маликанинг олдига кириб, мақтанмоқчи эди, балиқ бирдан типирчилаб, подшоҳнинг бармоғини тишлаб олди. Подшоҳ оғриқдан туни билан ухлай олмай чиқди. Эрталаб табиб чақиришга мажбур бўлишди. Табиб келиб, бармоқни кесмаса бўлмаслигини айтди. Бармоқ кесилди, лекин оғриқ тўхтамади. Балиқнинг заҳри қўлга ўтиб кетган эди. Қўлни билаккача кесишди, лекин оғриқ тўхташ ўрнига баттар кучайди. Подшоҳ бақириб, фарёд сола бошлади. Табиблар яна маслаҳат қилиб, қўлни бутунича кесиб ташлашди. Подшоҳ оғриқдан қутулди, лекин унинг кўнгли нотинч эди. Табиблар муаммо нимада эканини тушуниб, қалб табибларининг ҳукамоларнинг олдига боришни маслаҳат беришди. Подшоҳ бир ҳаким зотнинг олдига бориб, бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Ҳаким: «Ўша овчи сизни кечирмагунча қалбингиз хотиржам бўлмайди», деди. Подшоҳ овчини қидириб топиб, бошидан ўтганларини айтиб, ундан кечирим сўради. Овчи уни кечирди. Шунда подшоҳ: «Балиқни олиб кетганимдан кейин нима деган эдинг?» деб сўради. Овчи: «Ҳеч нарса демадим, фақат «Аллоҳим, у менга кучини кўрсатди, Сен ҳам унга қудратингни кўрсат», деб дуо қилган эдим», деди.

"Солиҳлар гулшани" китобидан.

, Яқинларингизга улашинг
http://t.me/rapqon_firdavs_masjidi