Get Mystery Box with random crypto!

Кимдир Президентга инвестиция камайишининг асл сабабини айтиши | Rasul Kusherbayev

Кимдир Президентга инвестиция камайишининг асл сабабини айтиши керак

Очкўз ҳокимларнинг қилмишлари ҳали узоқ вақт Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнига салбий таъсир қилишда давом этадиган кўринади.

Ҳокимларнинг ўз вақтида давлат манфаати ниқоби билан ўз яқинларига бегона шасхларнинг уй-жойларини буздириб, ўрнини бериб юбориши оқибатидаги зарарлар ҳамон қопланмай келинмоқда.

Масалан, мана бу ҳолатда Қарши шаҳар ҳокими Гулбахор Джураева исмли шахсга тегишли Қарши шаҳар, Хўжа Хаёл МФЙ, А.Темур кўчаси 26/2-уйни буздириб, ўрнини тадбиркорга бериб юборган.

Зўравон ҳокимнинг зулми билан уй-жойидан ажралган фуқаронинг оиласи ҳамон ҳам компенсациясиз, ҳам ерсиз сарсон-саргардон юрибди.

Афсуски бу каби мисоллар юзлаб ва балки минглаб топилади.

Биз бу ҳақида кўп ёздик ва гапирдик. Янги конституция қабул қилдик, бироқ мулк дахлсизлигига муносабат ўзгармади. Токи билимли ва қонунга итоаткор кадрлар келмагунча ўзгармаса ҳам керак.

Майли биз ҳозир асосий иккита фактга аҳамият қаратмоқчимиз:

Биринчиси, 2023 йилда Ўзбекистонга молиявий оқим 6,6 млрд долларни ташкил этган. Бунда, тўғридан-тўғри инвестицияларнинг соф оқими 2,2 млрд долларни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 16 фоизга қисқарган.

Иккинчиси, WJP "Қонун устуворлиги" бўйича халқаро  ташкилотнинг сўнгги маълумотларида "Ўзбекистон ҳукумати адолатли компенсацияни таъминлаш орқали қонун устуворлиги(мулк ҳуқуқини) таъминлаш" рейтингида 139 та мамлакат ичида ҳамон 138-ўринда турибди.

Бу мулкдорларнинг мулклари қонунга асосан бузилмагани ва ўз вақтида компенсация қоплаб берилмаётганини англатади.

Токи вазият шундай қоларкан, Ўзбекистон кутилганидек инвестицион жозибадорликка эришмайди.

Аҳир кимдир давлат раҳбарига инвестиция оқими пасайишининг асл сабаби ҳақида ҳақиқатни айтиши керак. Балки масъуллар ичида шундай мард инсон топилиб қолар.


@r_kusherbayev