Get Mystery Box with random crypto!

* * * Умр бўйи сизга ёздим хат — Қоғоз эмас; шамолга, вақтга… | QADAM

* * *

Умр бўйи сизга ёздим хат —
Қоғоз эмас; шамолга, вақтга…
Умид ила баҳорда; беҳад
Хазонлиғда — кузак етган пайт —
Соғинч ила ғуссали бахтда.

Соғинганим! Узун ҳижронда
Боғлар қанча хазонлар тўкди.
Хатлар ёздим — қайси замонда? —
Манзилингиз қайси осмонда? —
Сизга етиб боргани йўқми?

Умр бўйи сизга хат ёздим!
Ҳижрон билан дамим — мунг суҳбат.
Қосид вақтдан кутиб жавоб хат,
Руҳдан тошдим, ақлдан оздим…
Сиз тарафга бормайдими Вақт?

Сиз борсиз-ку! Сезаман, сиз ҳам
Умр бўйи битгансиз хатлар!
Нега йиғлаб турибсиз бу дам?
Вақт мен томон келмаслигини,
Хатлар менга етмаслигини,
Сизга охир айтдими, эгам?

Хатларимиз асрлар бўйлаб
Замонларда чалкаш толдими?
Вақт қўлида ёхуд ёндими?
Ё хатларни ўғирлаб йўлда
Абадият олиб қолдими?


Усмон Азим