Get Mystery Box with random crypto!

Шундоқ ҳам қиммат уй-жой ва кўчмас мулк янада  қимматлашади Б | platforma.uz

Шундоқ ҳам қиммат уй-жой ва кўчмас мулк янада  қимматлашади

Боя заправкада юк ташувчи ҳайдовчи билан гаплашиб қолдим. Дарёлардан қум-шағал қазиб олишга мораторий эълон қилиниши ортидан унинг баҳоси бир неча баробар қимматлаган. Дейлик, катта юк машинасига ортилган қумни 8 миллион сўмгача сотишяпти экан. Илгари 2-3 миллион сўм атрофида бўлган.

Ҳайдовчининг айтишича, бу қимматлашувнинг бошланиши. Қум-шағал ишлаб чиқарувчилар мораторий эълон қилингунча заҳира яратишга ҳаракат қилишган. Тез орада эса  запас ҳам тугайди...

Экология учун, атроф-муҳит учун мораторий эълон қилишни муҳим деб ҳисоблайман, лекин қарор қабул қилувчилар танганинг иккинчи томонини ҳам ҳисобга олишлари керак.

Кунда-кунора ҳали у дарёда, ҳали бу ҳавзада қум қазиб олаётган тадбиркорни оммага чиқариб, сазойи қилган билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Аксинча, нархларнинг ошишига ва алалоқибат қум-шағал қазиб олишни янада рағбатлантиради.

Дейлик, назорат қилувчиларга бир-икки сўм қистириб бўлса ҳам ишларини давом эттиришиверади.

Бизда доим чекловлар, тақиқлар шу тариқа тескари натижа беради. (Дарахтларни асраб қолиш билан боғлиқ чоралар қандай натижа бераётганини кўриб турибсиз)

Аслида бозор шундай нозик институт. Ҳар қандай чекловга тезкор реакция билдиради.

Менинг фикримча, тақиқлашдан олдин ҳукумат унинг келтириб чиқарадиган оқибатларига ечимни ҳам кўрсатиши керак. Қум-шағал ишлаб чиқарувчиларга муқобил каръерларни кўрсатиши лозим.

Ва бозорда ваҳима юзага келмаслиги учун давлат қандай чоралар кўраётганини ОАВлар тинимсиз жавраши керак.

@platformauzb