Get Mystery Box with random crypto!

Харажатимиз кутган даромадимизни келтиряптими ёхуд хорижлик ме | platforma.uz

Харажатимиз кутган даромадимизни келтиряптими ёхуд хорижлик меҳмонларни нима сабабдан текинга, ўз ҳисобимиздан чақирамиз?!

Бизда халқаро форум, конференция, кўргазма, фестиваллар жуда кўп ўтказилади. Мақсад тушунарли: мамлакатни танитиш, имкониятларимизни кўрсатиш, инвесторларни жалб қилиш, ишбилармонларимизга хорижий ҳамкор топиб бериш, туристларни жалб қилиш ва ҳоказо.

Лекин бир тарафи доим ўйлантирадики, шунга сарфланганлари ўзини оқлаяптими? Нима учун бу саволни беряпман, сабаби, халқаро тадбирларимизнинг деярли барчасида хорижий меҳмоннинг келиб-кетишию меҳмонхонаси, еб-ичиши, юртига қайтар чоғи совға-саломигача деярли ўзимиз олиб берамиз. Ҳар куни кечки банкетлар, қабул маросимларини айтмайсизми. Самарқанд, Бухоро, Хивани кўнгли тусаб қолса, олиб боришлар-чи... айтсанг бу рўйхат узоқ давом этади.

Хорижликлар шунинг учун ҳам тадбир десак дарров келгиси келади назаримда. Ҳеч ким уларга Ўзбекистондагичалик иззат-икром кўрсатмайдида, кўрсатолмайдиям. Бу борада гап бўлиши мумкин эмас. Лекин бу озмунча маблағ бўлмайди. Шунинг натижаси ҳам мониторинг қилиб кўриляптими? Дейлик, форумда қатнашган инвестор аниқ қанча сармоя киритди, шартнома туздими, корхона очдими, ҳамкор топдими? Бунинг бир сўровиям бўлиши керак эмасми?

Ёки туризмни айтинг. Фалон миллион сайёҳ келди дейишади. Бу рақамнинг асосий қисми шундай халқаро тадбирларга ташриф буюрганлар ҳисобига кўпайганку. Тўғрими? Биз бундай меҳмонлардан даромад олишдан кўра, харажатимиз кўпроқку. Фақат рақам эмас, мамлакатга тушум бўлган валютага қарайлик. Ёки аксарият сайёҳлар яқин қўшниларимиздан келган қариндош-уруғлар саналади. Улар меҳмонхонага, юриш-туришига деярли маблағ сарфламайди. Фақат одам сони билан овунмайликда.

Наманганда ҳар йили 30-40 кунлаб гуллар фестивалини ўтказиш анъанага айланди. Ҳар куни турли тадбир, қабул маросими, шоулар. Оз маблағ кетмайди. Тўғри, жуда керак. Лекин мана шу фестиваль ҳам мамлакат имижига, ҳам сайёҳларни жалб қилиб, даромад олишга ишлаши керакда. Биз нима қиляпмиз, аксарият хорижликни ўз ёнимиздан чақиряпмиз. ТВда эса шу ерда ишлаб юрган, бошқа иш билан келган хорижликларни кўрсатиб, мана, фалон давлатлардан атайин шу фестивалга меҳмонлар келяпти деб кўрсатяпмиз. Ҳаммаси ҳам эмасдир балки.

Лекин нега биз доим сарфлаймиз? Қеракми йўқми шу? Қанчалик эффект беряпти? Ахир, давлатимиз осонлик билан даромад топмаяптику. Қилмайлик демаяпман. Сал ҳисоб-китобига қарайлик. Натижаларни таҳлил қилиб кўрайлик. Кейин хулоса ясаса арзийди.

@platformauzb