Get Mystery Box with random crypto!

Пойтахтдаги дарахтлар оммавий 'касаллик'ка чалинмоқда Ботаник | platforma.uz

Пойтахтдаги дарахтлар оммавий "касаллик"ка чалинмоқда

Ботаника боғи дендрологи Атиргул Холмирзаева:

"Шира касаллиги, шаҳар мўйловдори, пўстлоқхўр деган ҳашаротлар дарахтларга зарар етказяпти. Булар олдин шаҳарда йўқ эди. Турли хил ёғочлар билан қўшилиб келиб, секин-секин шаҳар бўйлаб тарқалишни бошлаган.

Пўстлоқхўр дарахт танаси ва пўстлоғи орасига ўрнашиб олади. Дарахт ичига кириб олгандан кейин чиқмасдан дарахтни еб ташлайди. Натижада дарахт қурий бошлайди. Шаҳар мўйловдори эса теракларда кўп бўлар эди. Ҳозир тераклар камайиб кетгани учун ёғочи юмшоқ чинор, эман дарахтларига кириб оляпти.

Боғга кўпинча ёшлар келади. Катта дарахтлар пўстлоғини ўйиб севгисини изҳор қилади. Севсанг, ўзига айт, пешонангга ёз, хат ёз. Чунки дарахтнинг очилган жойини кўриб шаҳар мўйловдори хурсанд бўлиб кетади. Дарров кириб олади. Илтимос, дарахтларни ўйманг, бу уларнинг касалланишига сабаб бўлади.

Дарахтларни тагига плита қўйиб ташланяпти. Дарахт илдизи унинг танаси шохлаган жойигача узайган бўлади. Шу жойи очиқ қолдириши керак. Қор-ёмғирда улар табиий тўйиниши керак. Биз эса ҳамма жойни бетонлаб ташлаймиз. Охирги пайтда шаҳардаги дарахтларга унча қаралмай қўйди. Арча қурдик, арча қурти ҳам кўпая бошлади. Бундан ташқари 2022 йилда совуқ урган дарахтлар бор. Улар ҳалиям шаҳарда турибди. Қуриган дарахт турмаслиги керак, чунки у касалланган бўлса, бошқа дарахтларга ҳам юқтиради.

Илгари шаҳарнинг ҳар бир туманида ўсимликлар ҳимоя қилиш бригадаси бўлар эди. Уларнинг ўз машинаси ва энтомолог мутахассислари бўларди. Улар келиб шаҳарнинг қайси ўсимлик дарахтида касалланиш бўлса, ўрганар эди. Дарахтга қанча дори бериш керак, қанча сув қуйиш кераклигини билишарди. Машинасида катта босим билан тепасигача сочиб, дарахтга ишлов бериларди. Ҳозир унақа бригада йўқ. Фақат карантинга айтишади, унга катта пул тўланиши керак".

Дендролог пойтахтда зудлик билан тезкор гуруҳ тузиб чиқиб, касалланган дарахтларни аниқлаб, уларни дорилаш йўлини топиш кераклигини алоҳида таъкидлади. Бунда Экология вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жонбозлик кўрсатиши керак. Акс ҳолда Тошкент азим дарахтларидан ажралиб қолиши ҳеч гап эмас.

Манба

@platformauzb