Get Mystery Box with random crypto!

​​Халқ вакиллари халқни алдашга уринса, додингни кимга айтасан | platforma.uz

​​Халқ вакиллари халқни алдашга уринса, додингни кимга айтасан

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баландпарвоз гаплардан кейин асосий муҳокама мавзуларига ўтиш чоғида эфирдан узиб қўйилгани бизда парламентимизнинг ўзи ҳали очиқлик ва ошкораликка тайёр эмаслигини яққол кўрсатади.

Юзага келган вазиятга расмий изоҳни қаранг: “Uzreport” телеканали аввалдан режалаштирилган Бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатини соат 11:00дан бошлаб эфирга узатиш мақсадида Қуйи палата мажлисини эфирга узатишни тўхтатган”.

Э, ўлсин энди бокс баҳона бўлмай. Нима, эфирга тайёргарлик кўрилаётганда, режа қилинганда шу боксни билишмаганмиди?! Қолаверса, бу халқаро чемпионат ёки нуфузли тадбир эмас, бор-йўғи мамлакат биринчилиги бўлса, энг юқори органнинг мажлисидан устунмиди уни узиб, буни қўйишса? Бу қилиққа кулайликми, куяйликми?

Хўп, “Uzreport”да вазият шундай экан, наҳотки муқобил вариант қуриб қолган бўлса?! Бизда нима кўп, ТВнинг уруғи кўп. МТРК таркибида шунча канал бор, нега улардан фойдаланилмади?

Аслида бу бир баҳона холос. Аввалбошданоқ мақсад тўғри бўлмаган. Яъни, парламент қуйи палатаси жонли эфирга тайёр эмас. Қиламан деса Сенатга ўхшаб интернет имкониятидан ҳам фойдаланса бўларди. Депутатларимиз ўзига ишонмайди, бирор гапни гапириб қўйиб, балога қолишдан қўрқади. Лекин қачонгача қочасиз? Ҳозир ундай замон эмас. Бир кун алдайсиз, икки кун алдайсиз. Лекин охири кулгуга қолганингиз қолади. Халқаро миқёсда ҳам бу мамлакат имижига путур етказиши турган гап.

“Парламент қуйи палатаси мамлакатимизда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилади”, дейилган расмий изоҳда.

Бунга шак-шубҳа йўқ. Қўллаб-қувватлашингизга, нима дейилса маъқуллашингизга ишонамиз...

@platformauzb