Get Mystery Box with random crypto!

​​'Қурилиш' сўзи ҳаммамизда аллергия қўзғайдиган бўп қолди... | platforma.uz

​​"Қурилиш" сўзи ҳаммамизда аллергия қўзғайдиган бўп қолди...

Олдиндан айтиб қўяй, мен "Мовий гумбазлар" атрофидаги дарахтлар кесилишига бошидан қаршиман. Бироқ ҳоким бугун хиёбондаги бирорта дарахт кесилмайди, дея ваъда берди. Бу --- масаланинг бир томони.

Иккинчи томони, бу ерда нима қурилади? Афсуски, қуриладиган мажмуа моҳиятидан кўпчилик бехабар. Фақат эълон қилинган танлов шартларинигина билади.

Яна бир муҳим жиҳат, кейинги пайтларда "қурилиш" сўзи ҳаммамизда аллергия қўзғайдиган бўп қолди. Нега десангиз, чакана қурилиш бизнеси ортидан бузилган боғлар, театрлар, маданият саройлари ва улар ўрнида тикланган хусусий иморатлар кўпчиликда норозилик кайфиятини уйғотди.

Бироқ бу ерда хусусий отел ёки супермаркет эмас, миллий тарихимизни акс эттирадиган мажмуа барпо этиш ҳақида гап кетяпти. Бу ўйлаб кўрадиган масала. Қолаверса, атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда уч минг йиллик миллий тарихимиз бадиий жиҳатдан гавдалантириларкан (унинг ғояси шундай).

Бу ёмон иш эмас. Сабаби, шу пайтгача мустабидлар ёзган тарихни ўрганиб келдик. Кўк турклар бизга тегишли эмас, Атилло варвар, дедик, миллий уйғониш даври қаҳрамонларини босмачи, атадик...

Энди шу оёқости қилинган тарихимизга бўлган ҳурмат тикланса, бунинг тарбиявий аҳамияти катта, менимча. Биринчидан, бу ўтмиш олдидаги бурчимиз, қолаверса, миллий руҳиятимизга ҳам таъсири ўзгача бўлади.

Бизда шу пайтгача бирорта миллий майдон бўлган эмас. Мустақиллик майдонидаги ер шари шаклини ҳисобга олмаганда, албатта. У ҳам Ленин қарийб 80 йил "ўтирган" муаззам супанинг ўрнига ўрнатилганди...

Майдонга киришдаги арка фонига қапиштирилган лайлакларнинг эса бизга эпик жиҳатдан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бизда тотем сифатида паррандаю дуррандалар эмас, кучли жонзотлар, хусусан, бўри, арслон, шер тимсолига мурожат қилинган. Масалан, оталар ўз боласини арслоним, деб суюшини ҳозир ҳам кўп эшитамиз. Бироқ фарзандларимиз лайлакдай ёки турнадай бўлсин, деган гап қулоқларимиздан нари.

Майли, чуқурлашмайлик. Мен айтмоқчи бўлган гап шуки, мақсад самимий ва миллатпарвар экан, нега шунинг моҳиятини одамларга тушунтириб бера олмаймиз? Ахборот-тарғибот машиналаримиз --- Маънавият ва маърифат маркази, ҳурматли телевизорчиларимиз нега жим?! Уларнинг ўзи нима бўлаётганини тушунадимикан, ишқилиб...

@platformauzb