Get Mystery Box with random crypto!

​​#назм УЛКАН ХАЁЛЛАР Хоинлар миллатни қилганда талош, Ҳақг | PEGAS portali

​​#назм

УЛКАН ХАЁЛЛАР

Хоинлар миллатни қилганда талош,
Ҳақгўйлар зулмга бўлганда дучор.
Холислар сукутга ғарқ бўлса ночор,
Мен хаёл сураман.

Итлар оҳуларни талаб толмаса,
Кўрлар ойдинларни солса зулматга,
Жонимни тиколмай улуғ миллатга,
Мен хаёл сураман.

Мен хаёл сураман, шукрона айлаб
Кунларин қаритган туллар қошида,
Боғдан алафларни қувлолмаётган,
Гуллай олмаётган гуллар қошида.
Мен хаёл сураман.

Фақат хаёлимда бир ёруғ юрт бор,
Унинг номи Турон, беш минг йил аввал
Қашқир терисини ёпинган алплар
Ғурурин синчларга қалаб тиклаган...

Бу сукутни тинглаб додлайди мозий,
Ёвқурлар авлоди ёвга қур тиккач,
Кўкракка санчилар бир аччиқ ёзуғ,
Беш юз йиллик ғафлат қонларга ўтгач,
Бу қонлар булғанди...

Додлайди чингизлар, темурлар додлар,
Шайбонийлар додлар, бобурлар додлар.
Дунёни тизлатган жаҳонгирларнинг
Қонлари сачраган томирлар додлар.

Тиланиб олгандек боқарлар юртга,
Гадой тўрвасидан қолгандек тушиб...
Ғариблашиб борар, мутедир эркка,
Мутедир, ҳукмрон қоп-қора туши.

Aй жоним, уйғонгин, асрлик мудроқ
Ёпишган томиринг узиб ташлаб, ўс.
Ғуллар соясими гарданингдаги,
Соялар қўрғонин бузиб ташлаб, ўс.

Эга чиқ дунёнинг тўрт бурчидаги
Тарихлар қум тортган қалъаларингга.
Инонсанг бўлади бағрингда маъюс
Хаёл суриб юрган болаларингга.

Суҳроб Зиё

t.me/pegas_portali —
Ҳар лаҳза – илҳом вақти