Get Mystery Box with random crypto!

Қўқонлик бир неча юз миллион долларлик метан газ магнатларига | Olimjon Haydarov

Қўқонлик бир неча юз миллион долларлик метан газ магнатларига нима бўлди?

Кўпчилик билса керак бундан бир неча йил аввал автомашиналар учун сиқилган(метан) газ қуйиладиган скотч ва бошқа баллонлар тақиқланиб, фақат темир баллонларга рухсат берилди. Бу "имконият"дан фойдаланган Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ака ука Улуғбек ва Ойбек Тошматовлар Хитойлик ҳамкорлари билан ташкил қилган "Шаффоф" бренди бозорни катта тезликда эгаллай бошлади(улар учун бу бизнес бегона бўлмаган. Аввалдан Хитойдан тайёр темир газ баллонлар олиб келиб сотишган, кейинроқ Қўқонда ишлаб чиқариш бошланган). Қисқа муддатда баллон бозори деярли тўлиқ эгаллаб олинди, 2023-йил бошига кўра Республикада ишлаб чиқарилаётган темир газ баллонлари умумий ҳажмининг тахминан 80-90 фоизи айнан "Шаффоф" ҳиссасига тўғри келган. Қолган бир қисми Навоийда, яна бир қисми метан газ соҳасида "Шаффоф"ни рақобатчиси, Наманган вилояти ҳокими Ш. Абдураззоқовнинг қудаси Қудратбек Абдуллаев(Қудратбой)га тегишли заводларда ишлаб чиқарилган.

2019-йилда ўша вақтдаги Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев қўллови билан "Шаффоф" бренди Президент назарига тушди. "Шаффоф" фаолияти ҳукумат қўллови билан кенгая бошлади. Уларга Президент томонидан 2019-2020-йилларда электромобил ишлаб чиқариш топширилди(ҳозиргача бундай завод қурилмаган, лойиҳа ҳам амалга ошмай қолиб кетди). Бу ишлар билан параллель равишда "Шаффоф" бренди остида Андижондан Нукусгача метан заправкалар очилишни бошланди. Жами заправкалар сони 101 тага етганди. Асосий қисми Фарғонада (адашмасам 73 та), Андижонда бир нечта, Наманганда йўқ эди адашмасам(Наманганда фақат Қудратбойга тегишли ёки унинг яқинлари бошқарадиган газ заправкаларга рухсат берилган, вилоятга бошқа ҳеч ким кириб, газ заправка қуролмайди дейишади), Тошкент вилоятида бир нечта, қолгани Нукусгача қатнов яхши бўлган йўл бўйларига заправкалар қурилган. Маълумот учун 1 та заправка ишга тушиши учун тахминан 1 миллион доллар кетиши ҳақида айтишади.

"Шаффоф" ишлари юришгач, фаолиятни яна кенгайтира бошлади. Хитойлик ҳамкорлари билан Республикадаги энг кўп ҳажмли цемент ишлаб чиқарувчи заводлардан бирини ишга туширишди, кўп қаватли уйлар қуришни бошлашди. Бир қарашда ҳаммаси аъло, фаолият кенгаймоқда, бир неча юз миллионлик бизнес гуркирамоқда эди....
Лекин...

Кутилмаганда 2023-йилнинг 16-мартида Республика бўйлаб барча метан заправкалар, барча объектларга бир вақтда маска шоу уюштирилиб, "электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш" важи билан барча объектлар ёпилди. Ака ука Тошматовлар ва бош ҳисобчи қамоққа олинди(ҳозиргача уларни тақдири ҳеч кимга маълум эмас).

Орадан 5 ой ўтди. Бу иш бўйича деярли ҳеч нима айтилмаяпти. На Прокуратура, на ИИБ, на ишни олиб бораётган Республика DXX расмий муносабат бермаяпти. Аниқ бир гап бўлмагач, миш-мишлар болаламоқда. Кимдир "Шаффоф"чиларни 159-моддада айбланибди деса, кимдир газни ўғирлаб сотган экан дейди. Яна бир тоифа "Шаффоф"чилар "юқори элита"дан кимнидир "чегарасини кесиб ўтган" демоқда. Аниқ бир гап йўқ. Уларни доим қўллаб келган Ш. Ғаниев( ҳозирда у Администрацияда ишлаяпти, бу жуда катта лавозим, қудрат) ҳам ёрдам беролмаганига қараганда вазият жуда жиддийга ўхшамоқда.
Қанчалик жиддий, аслида нима бўлган, қандай айб қўйилган, бу жамоатчиликка қизиқ, бирор хабар ёки маълумот беринглар, ўртоқлар.

Пс. Шахслар тизимлардан устун бўлган жамиятларда шундай бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев - Shavkat Mirziyoyev ҳар сафар Фарғонага келганида кўришадиган, бир неча юз миллионлик бизнеси бор, бир соҳани энг олди ва монопол эгаси бўлсанг ҳам, бир кечада кайфиятлар сабаб ҳаммасидан қуруқ қолишинг, бўйнингга етти авлодингга етадиган қарз илиниши, умрингни қолган қисми қамоқда ўтиши мумкин. Афсус...

@OlimjonHaydarov