Get Mystery Box with random crypto!

*** Тилкалаб, тилкалаб тонглар дон сочди, Пешонангга қўнди | Najmiddin Ermatov

***

Тилкалаб, тилкалаб тонглар дон сочди,
Пешонангга қўнди қисмат қушлари.
Яна бегонадай томоша қилдинг,
Ёстиғингга оққан шаффоф тушларни.

Эшилиб, эшилиб ингранди арқон,
Дордаги ёстиғинг оқ нурлар қучди.
Яна бегонадай томоша қилдинг,
Парланиб, парланиб тушларинг учди.

Қоралаб, қоралаб чўкди-я оқшом,
Бошинг-а яна шу болишга етди.
Суйилиб, суйилиб оққан тушлардан,
Ёстиқдаги гуллар очилиб кетди.

Куйиниб, куйиниб яна кўз очдинг,
Ёстиқда гул унган, уза олмайсан.
Туш ўша, гул ўша - танийсан менман,
Менга бегонадай термилолмайсан.


Нажмиддин Эрматов

ноябрь, 2018