Get Mystery Box with random crypto!

Уфққа қараб қушлар учди, Ўнги келмай тушлар учди, Тўкилганим | Najmiddin Ermatov

Уфққа қараб қушлар учди,
Ўнги келмай тушлар учди,
Тўкилганим увол дея
Парланиб-о, ёшлар учди.
Бир мен қолдим учолмаган.

Висол мендан кечиб кетди,
Хулё сари кўчиб кетди,
Кўзларима тиккан ўша
Чимилдиғин ечиб кетди,.
Бир мен қолдим кечолмаган.

Ғусса келди қўлида тўр,
Кишан, тушов - яроғи мўл,
Чирқиллади oлашақшақ,
Қочиб кетди ҳаттоки йўл.
Бир мен қолдим қочолмаган.

На илдиз бор, ва на қанот,
Фақат дард бор йўқдир сабот,
Аҳволима бўзлаб, бўзлаб,
Менда яшаб ўтди ҳаёт.
Бир мен қолдим яшолмаган.

Бир мен қолдим яшолмаган...


Нажмиддин Эрматов
2019, феврал