Get Mystery Box with random crypto!

​#Динда саволим бор Кечириш, кечиримлилик ҳақида динимизда н | Muslim.uz

​#Динда саволим бор
Кечириш, кечиримлилик ҳақида динимизда нима дeйилган?

Турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

﴿وَلَمَن صَبَرَ وَغَفَرَ إِنَّ ذَلِكَ لَمِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ﴾

“Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиқидир” (“Шўро” сураси, 43-оят).

Аллоҳ таоло яна:

﴿خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ﴾

“Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”, деган (Аъроф сураси, 199-оят). Яъни ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. қилган хатоларини авф этувчи, кенг бағирли бўл.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё ва охиратдаги гўзал ахлоқга далолат қилай-ми?” дедилар. “Ҳа ё Расулуллоҳ!” дейишди.

“Сенга зулм қилганни афв қил, алоқани узганга алоқани боғлагин. Сени маҳрум қилганга бер”, дедилар. Аллоҳ янада билгувчироқ!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar